Флорида штатининг Паркленд мактабида 2018 йилнинг февраль ойида отишмани бошдан кечирган қизнинг ўз жонига қасд қилиши ушбу машъум ҳодисанинг оқибати деб баҳоланмоқда. Бу ҳақда «ForumDaily» хабар берди.
Полициянинг сўзларига кўра, 19 ёшли Сидни Айелло 17 март куни ўз жонига қасд қилган.
Қиз онасининг айтишича, мактабдаги отишмада ҳалок бўлган 17 кишидан бири Мидоу Поллак ва қизи Сидней яқин дўст бўлган. Кара Айеллонинг айтишича, унинг қизи «тирик қолгани учун ўзини айбдор ҳис» қилган ва бундан азият чеккан, унга яқинда травматик стресс бузилиши ташхиси қўйилган.
Онанинг сўзларига кўра, Синди коллеж дарсларига қатнаган, аммо бу унинг учун жуда қийин кечган, чунки у синфда бўлишдан қўрққан. Қиз Паркленд мактабини 2018 йилнинг июнь ойида отишмадан бир неча ой ўтгач битирган.
Айеллонинг айтишича, қиз кўпинча қайғуга ботган ҳолда юрган, аммо ҳеч қачон ёрдам сўрамаган ва охир оқибат ўз жонига қасд қилган.
Аёл бошқа ота-оналарга сабоқ бўлиши мақсадида ушбу воқеа ҳақида сўзлаб беришга қарор қилган.
Эслатиб ўтамиз, Паркленд мактабидаги отишма 2018 йилнинг 14 февраль куни содир бўлган, унинг оқибатида 17 киши ҳалок бўлган, яна бир неча киши яраланган. Ушбу жиноят АҚШ тарихидаги энг оммавий отишмалардан бири бўлган.
Изоҳ (0)