Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг хабарига кўра, пойтахтда жорий йилнинг 1—7 апрель кунлари Россия Федерацияси Маданият вазирлигининг кўмагида XV «Россия гуллари» Халқаро маданият фестивали бўлиб ўтади. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Фестиваль доирасида бир қатор учрашувлар, тренинглар, концерт дастурлари намойиш этилади. Жумладан, «Россия ва Ўзбекистонда болаларни тарбиялаш ва қўшимча таълимда социал-маданий фаолият анъаналари» мавзусида давра суҳбати, маҳорат дарслари ва саҳна нутқи бўйича амалиёт, шунингдек, «Домисолька» болалар мусиқали театрининг «Домисолька биз билан!» шоу-дастури режалаштирилмоқда.
Россиялик мусиқачи, бастакор, мусиқа продюсери, чолғу ва вокал ансамбли синфи бўйича «Домисолька» болалар мусиқали театри етакчи педагоги Николай Чермошенцев билан эстрада вокали бўйича ижодий учрашув ҳамда маҳорат дарси, Россияда ва хорижда рус тилини хорижий тил сифатида ўқитишда таълим технологиялари ва ижтимоий-маданий жиҳатлар хусусида давра суҳбати ўтказилади.
Бундан ташқари, Санкт-Петербург театрининг «Алвон гул» спектакли намойиш этилади. «Бадиий нутқ» йўналиши бўйича шаҳар болалар қўшимча таълими педагоглари ўқув-услубий бирлашмаси раҳбари – Светлана Белошенко операторлик санъати ва рус нутқи маданияти бўйича тренинг ўтказади. Рус театри ва киноси артисти, таниқли ва нуфузли педагоглардан бири Андрей Шимконинг актёрлик маҳорати бўйича маҳорат дарси ташкил этилади.
6 дан 16 ёшгача бўлган санъат мактаблари ўқувчиларининг энг яхши асарлари жамланган «Россия – болалар нигоҳида» болалар расмлари кўргазмаси ўтказилади.
«Россия гуллари» лойиҳаси 2013 йилда яратилган ва ўтган даврда Прага, Вена, Милан, Мюнхен, Хельсинки, Братислава, Афина ва бошқа шаҳарларда дастурни тақдим этган. Фестивальнинг асосий ғояси – чет эллик томошабинларни оилалилар аудиториясига мўлжалланган санъат билан таништириш ва болалар ижодига қизиқиш уйғотишдан иборат.
Изоҳ (0)