2019 йилнинг 22 март куни Швейцариянинг Женева шаҳрида БМТнинг Европа Иқтисодий Комиссиясининг барқарор ривожланиш бўйича Минтақавий Форуми доирасида «Инсонлар учун ҳамкорлик: БМТнинг Ўзбекистондаги Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик траст фонди» мавзусидаги махсус тадбир ўтказилади. Бу ҳақда БМТнинг Ўзбекситондаги доимий координатори офиси «Дарё»га хабар қилди.
Тадбир БМТ ЕИК кўмагида Ўзбекистон ва БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Офиси томонидан ташкиллаштирилган.
Тадбирда иштирок этиш учун БМТнинг турли тузилмалари, Женевадаги БМТга аъзо давлатларнинг доимий вакиллари, дипломатик корпус ва Форумнинг бошқа иштирокчилари таклиф этилган.Учрашув доирасида муҳокама қилинадиган муҳим мавзулар сифатида Ўзбекистон раҳбарияти ташаббуси ва БМТнинг кўмагида яқинда ташкил этилган Ўзбекистондаги Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик траст жамғармасининг мақсад ва вазифалари тақдимоти, унинг дастурий ва амалий фаолияти, ҳамда мазкур мавзуда ҳамкорликни ўрнатиш ва ривожлантириш муҳокама қилинади.
Ўтган йилнинг 27 ноябрь куни БМТнинг Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган Бош Ассамблеясининг 73- сессиясида Траст жамғармаси фаолияти расман бошланган. Мазкур жамғарма БМТнинг жамоавий молиялаштиришнинг механизмларидан бири бўлиб, у бутун жаҳондаги 50 дан ортиқ мамлакатнинг экологик, ижтимоий-иқтисодий ва гуманитар муаммоларни ҳал қилишда ўзининг самарадорлигини намоён этган.Траст жамғармаси Оролбўйи ҳудудида вазиятни яхшилашга йўналтирилган халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва донор ҳамжамиятларининг маблағларини жалб этиш бўйича ягона платформани яратишга мўлжалланган. Ундан ташқари, Траст жамғармаси Оролбўйи минтақасига, уни барқарор ривожланишини таъминлаш мақсадида, янги билимлар, инновацион ечимлар ва технологияларни жалб қилишга кўмаклашади. Натижада у экологик инновациялар ва технологияларнинг ўзига хос «хаб»и бўлиши мумкин.
2019 йилнинг 8 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан «Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик Траст жамғармаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор тасдиқланган, у Жамғармани самарали фаолиятини таъминлаш учун қулай институционал, ҳуқуқий ва молиявий муҳитни яратиш бўйича қатор амалий чора-тадбирларни назарда тутган.
Ҳозирда Ўзбекистон Траст жамғармага 6,5 миллион доллар миқдорида ҳисса қўшиш ҳақида қарор қабул қилинган, унинг 2 миллион доллари Траст жамғармасининг Нью-Йоркдаги ҳисоб варақасига ўтказиб бўлинган. 2019 йилнинг март ойи охиригача Норвегиядан қарийб 1,2 миллион доллар миқдоридаги биринчи траст олиш кутилмоқда. Шунингдек, Япония, Европа Иттифоқи, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари ва бошқа қатор донор мамлакатлар Жамғармада иштирок этишга қизиқиш билдирмоқда.
Изоҳ (0)