Ўзбекистонда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши ташаббуси билан «Doctors Community Cup — Ташкент—2019» халқаро мусобақаси ўтказилади. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
25 март, душанба куни мусобақанинг тантанали очилиш ва қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Беларусь ва Украина жамоалари 2 та гуруҳга бўлинган ҳолда ўзаро кураш олиб боради. Учрашувлар пойтахтдаги «Миллий » ва «Жар» стадионларида соат 11:00 ва 14:00да ўтказилади.
29 март куни плей-офф баҳслари, 30 март-куни эса мусобақанинг ғолиб ва совриндорлари аниқланади. Мазкур мусобақанинг ёпилиш маросими соат 17:00 да бўлиб ўтади.
Мусобақа регламентига кўра, ўйинларда 25 ёшдан катта бўлган, мутахассислиги ва фуқаролигидан қатъи назар, шифокорлик дипломига эга бўлган ходимлар иштирок этади. Мусобақада Ўзбекистон терма жамоасидан ташқари Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Беларусь, Украина терма жамоалари ўзаро рақобатлашади.
Тадбир доирасида «Тиббиёт ва спортда инновациялар» мавзусидаги илмий-амалий семинар ҳам ўтказилиши ва унда тиббиётнинг долзарб масалалари бўйича шифокорларнинг ўзаро тажриба ва фикр алмашиши кўзда тутилган.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)