Буюк Британия Қироллик ҳарбий академияси мутахассислари Ўзбекистон Қуролли Кучлари академияси профессор-ўқитувчилари таркиби билан машғулотлар ўтказиш учун Ўзбекистонга ташриф буюрди. Бу ҳақда Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Қироллик ҳарбий академияси профессорлари Эд Флинт ҳамда Дункан Андерсон Қуролли Кучлари академиясида ҳарбий таълим олаётган курсантлар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишди, таълим сифатини янада яхшилаш бўйича ўз маслаҳатлари билан бўлишди.
Академия профессор-ўқитувчилари билан ўтказилган машғулотлар давомида сўнгги пайтларда кўп тилга олинаётган ва дунё аҳли учун катта муаммога айланиб улгурган «Гибрид урушлари» мавзусига алоҳида тўхталди. Бу бўйича дунё миқёсида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ва уларнинг натижалари қайд этилди. Академия профессор-ўқитувчилари мазкур долзарб мавзу юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди.
Машғулотнинг иккинчи кунида Нидерландиянинг Брюнсюм шаҳридаги НАТОнинг Бирлашган кучлар қўмондонлиги билан видеоконференция ҳам уюштирилди. Унда НАТО мутахассисларининг Ўзбекистонга галдаги режалаштирилган ташрифи олдидан «Амалиётларни режалаштириш жараёни» мавзусида услубий-йўриқнома машғулоти ўтказилди. Видеоконференцияни НАТО мутахассислари Мишель Тереза Уард, Лежик Боярский ва Грзегорс Ремизевский олиб борди.