«Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятида Германиянинг Airport Consulting Partners GmbH Beratende Ingenieure компанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятининг матбуот хизмати хабар бермоқда.
Унда Тошкент-Шарқий аэродром базаси асосида замонавий фуқаролик авиацияси аэропорт комплексини қуриш ишларида ҳамкорликда фаолият олиб бориш, ўзаро икки томонлама алоқаларни янада мустаҳкамлаш бўйича сўз юритилди.
Тадбирда фуқаролик авиацияси аэропорт комплексини жаҳон талабалари даражасида бунёд этиш, айниқса учиш ва қўниш йўлакларини халқаро талаб ва меъёрларга амал қилган ҳолда қуриш жараёнлари ҳақида мулоҳаза юритилди. Шунингдек, техник ва технологик жиҳатдан хавфсизликни таъминлаш, ҳудуддаги бино ва иншоотларни бунёд этишда сўнгги технологияларни қўллаш, бу борада ҳамкорликда иш олиб бориш масаласи ҳам кўриб чиқилди.
Учрашув сўнггида Тошкент-Шарқий аэродром базаси асосида замонавий фуқаролик авиацияси аэропорт комплексини барпо этишда қурилиш ва техник назорат олиб бориш, ушбу жараённи жаҳон талаблари даражасида боришини таъминлаш мақсадида «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ Германиянинг Airport Consulting Partners GmbH Beratende Ingenieure компанияси билан муҳандис-маслаҳат хизмати бўйича шартнома имзолади.
Airport Consulting Partners GmbH Beratende Ingenieure компаниясининг 30 га яқин давлатда ўз ваколатхонлари мавжуд. Европа, Жанубий Америка ва Осиё қитъасидаги кўплаб аэропорт комплексларини барпо этишда германиялик муҳандислар иштирок этган.
Изоҳ (0)