Самарқанд вилояти Оқдарё туманининг «Улуғбек» МФЙда истиқомат қилувчи Умар Ортиқов махсус рухсатномасиз Ургут туманидан ўзи яшаётган туманга товуқ гўшти етказиш билан шуғулланиб келган. Бу ҳақда «Zarnews» хабар берди.
22 февраль куни у Лойиш шаҳридаги «Шарқ» кафесига бир неча қутида (бир қутида 18—20 та) товуқ гўшти олиб келган. Маҳсулотнинг сифатидан шубҳаланган кафе ходимлари уни олишдан бош тортгач, у гўштни шаҳарчанинг «Ўзбекистон» кўчасида жойлашган бошқа ошхонага олиб борган. Ошхона бекаси Баҳора Абдуҳамидова товуқ гўштини истеъмолга яроқсизлигини англаб, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Самарқанд вилоят ҳудудий бирлашмасининг Оқдарё туман жамиятига шикоят аризаси билан мурожаат қилган.
Мурожаат туман ДСЭНМ, ВСЭ лаборатория ҳамда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш туман жамияти мутасаддилари иштирокида ўрганилган.
Парранда гўшти лаборатория текширувидан ўтказилганда, унда инсон саломатлигига зарар етказувчи 157 турдаги микроб ва бактериялар аниқланган. Тарқатилган парранда гўшти зудлик билан тегишли тартибда йўқ қилинган.
Ҳозирда тадбиркорга чора кўрилиши учун ҳужжатлар тайёрланиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга юборилди.
Изоҳ (0)