Хитойнинг Huawei компанияси АҚШ ҳукумати устидан судга мурожаат қилиб, давлатнинг ушбу корхона ускуналаридан фойдаланиб келадиган компаниялар билан ҳамкорлик қилишини тақиқлаши ноқонуний эканлигини айтган. Бу ҳақда «Корреспондент.net» хабар берди.
Huawei даъво аризаси билан мурожаат этган Техас суди Оқ Уйнинг август ойида чиқарган ҳукумат ташкилотларига хавфсизлик нуқтаи назаридан Хитой компанияси ускуналаридан фойдаланишни тақиқлаш тўғрисидаги қарорини ўрганиб чиқмоқда.
Huawei компанияси чекловлар ноқонуний эканлигини қонун бузилиши юзасидан ҳеч қандай далиллар келтирилмаганлиги билан изоҳлаган. Бундан ташқари, қурилмалардан фойдаланишни тақиқлаш рақобат эркинлигини чеклаши ва биринчи навбатда АҚШ истеъмолчиларига зарар келтиришини айтган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Huawei компаниясини Эронга қарши санкцияларни бузилиши билан боғлиқ саноат жосуслиги ва фирибгарликда айблаган.
Ўтган йилнинг охирларида эса Канадада Huawei’нинг молиявий директори Мен Ванчжоу қўлга олинган. У Эронга қарши АҚШ савдо санкцияларини бузганликда гумонланмоқда. 1 март куни Канада ҳукумати уни АҚШга экстрадиция қилиш жараёнини бошлади.
Изоҳ (0)