Халқ депутатлари Пискент тумани кенгашининг навбатдаги сессиясида туманни комплекс ривожлантириш, аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича вазифалар ижроси юзасидан парламент, депутатлик ва жамоатчилик назоратини таъминлаш масалалари кўриб чиқилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, халқ депутатлари вилоят ва туман кенгашлари депутатлари, давлат ва жамоат ташкилотлари, туман сектор раҳбарлари, фаоллар иштирок этган сессияда Республика ишчи гуруҳи томонидан туманнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволи, аҳолини қийнаб келаётган муаммолар бўйича олиб борилган ўрганиш натижалари ҳам муҳокама қилинди.
Сессияда депутат Марҳабо Қурбонова Қонунчилик палатаси депутатлари ва сенаторларга вояга етмаган фарзандлари бўлган оналарнинг хорижга чиқишини чеклаш таклифини билдирди.
— Коммунал тўловлардан қарзингиз бўлса, хорижга чиқа олмайсиз, — деди депутат Марҳабо Қурбонова. — Бунга қонунчилигимиз йўл қўймайди. Аммо 3-4 нафар вояга етмаган фарзанди бор аёллар чет элга бемалол чиқиб кетмоқда. Буни тартибга солиш керак. Ахир, хорижга кетган оналарнинг фарзандлари тарбиясидаги муаммолар, бу орқали оиладаги маънавий муҳит ва жамиятга етказилаётган зарар хорижда топилган бойликдан бир неча баробар кўп эканини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди.
Изоҳ (0)