Жорий йилнинг 5 март куни Тошкентда ахборот хавфсизлиги масалаларига бағишланган «Хавфсиз кўприк» форуми бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги кўмагида Агентлик қошидаги Мирзо Улуғбек Инновацион маркази дирекцияси томонидан ташкил этилди. Бу ҳақда Инновацион марказ матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Форум ишида ахборот технологиялари компаниялари мутахассислари, халқаро мутахассислар ва экспертлар иштирок этди. Хусусан, Ўзбекистон ва яқин хорижий давлатларнинг E&Y, D:CODE, BePro, Cumulative Business Solutions, IdealGreenLight каби йирик компаниялари мутахассислари ахборотни ҳимоя қилиш, блокчейн технологияларини Ўзбекистонда қўллаш амалиёти, муҳим ахборотларни бошқариш тизимининг замонавий воситалари ҳақида гапириб берди, интеллектуал хавфсизлик ва банк карталарида маълумотларни ҳимоя қилиш, ҳужумларнинг ортиб бориши шароитида киберхавфсизликни таъминлаш, қалбакиларидан маълумотларни ҳимоя қилиш бўйича тажриба алмашди.
Хусусан, етакчи экспертлар ўзларининг «Ахборотни ҳимоя қилиш: интеллектуал мулк, банк карталари», «Киберхавфсизлик: ҳимоядан кўпроқми? Ҳужумлар сонининг ортиши шароитида киберхавфсизликни таъминлаш» ва «Электрон рақамли имзо калитлари учун хавфсиз ташувчи сифатида крипто-токендан фойдаланиш» мавзулардаги маърузаларида халқаро амалий тажриба ва олиб борилган тадқиқотлар ҳақида маълумот берди. Шунингдек, MUIC’нинг ахборот технологиялари соҳасидаги резидент компаниялари ишлаб чиқарувчилари ҳам ўзларининг ахборот хавфсизлиги соҳасидаги муваффақиятлари билан ўртоқлашди.