Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Жиноят ишлари бўйича Асака туман судида октябрь ойи охирида маст ҳолатда 82 ёшли ўгай бувисини уриб ўлдирган GM Uzbekistan қўшма корхонаси собиқ ходими И.Н.га нисбатан суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Жиноят ишлари бўйича вилоят суди матбуот хизмати ходими Камроншох Расулов «Дарё»га хабар бермоқда.

Фото: Sputnik

Фото: Sputnik

Жиноят ишлари бўйича Асака тумани судьяси Т.Ваҳобовнинг маълум қилишича, суд жараёнида судланувчи И.Н. 2018 йилнинг 31 октябрь куни соат 20:30 ларда спиртли ичимлик истеъмол қилиб, маст ҳолатда Асака тумани Чек маҳалласи, Тўрамчек кўчасида жойлашган яшаш хонадонига кираётган вақтида шу хонадонда бирга яшовчи ўгай буваси 1936 йилда туғилган Тожихон Жўрахонова уни келаётганлигини кўриб туриб дарвозани беркитмоқчи бўлганидан жаҳли чиққан. Шундан сўнг қасддан баданига шикаст етказиш мақсадида қўли билан дарвозани зарб билан уриб очиши натижасида эшик Тожихон Жўрахоновага тегиб, ерга йиқилган. Шунингдек, тергов ва суриштирув ишлари давомида унга ёрдам бериш ўрнига ожиз аҳволда эканлигидан фойдаланиб, сочларидан ушлаб, судраб уй ичига олиб кириб, унинг юз ва бадан соҳаларига қўл ва оёқлари билан қасддан уриб, тепгани аниқланган.

Қария, ожиз аҳволида ўзини-ўзи ҳимоя қила олмаслигини билса-да, эртаси куни эрталабга қадар унга ёрдам бериш имкониятига эга бўла туриб биринчи тиббий ёрдамни кўрсатмаган.

Шунингдек, вилоят суд-тиббий экспертизасининг 2018 йил 19 ноябрдаги хулосасида суд-тиббий текширувида ўпка, бел соҳаси тери остига, иккала кўз оқига, бош мияга ва юмшоқ тўқимасига қон қуйилиши, кўкрак қафаси ёпиқ шикасти, қовурғаларни икки томонлама турли чизиқлар бўйлаб кўплаб синиши, чап думба соҳаси, оёқ соҳаларида шилинмалар аниқланиб, бу тан жароҳатлари марҳума ўлимидан олдин бир вақтнинг ўзида инсон қўл ва оёғи зарбалари натижасида етказилган бўлиши мумкинлиги кўрсатилган. Жўрахонова жароҳат олганидан сўнг тезда тиббий ёрдамга олиб борилганида унинг ҳаётини сақлаб қолиш имконияти юқори бўлиши билдирилган.

Судланувчи И.Н. туғилгандан сўнг онаси отаси билан ажрашган. И.Н. уч ёшлигида унинг онаси Асака тумани Чек маҳалласида яшовчи Ж.Жўрахоновга турмушга чиққан. И.Н. ушбу хонадонда ўгай отаси ва ўгай бувиси билан бирга яшай бошлаган. Ўгай бувисининг яна бир ўғли бўлиб, яъни амакиси А.Жўрахонов алоҳида уй-жой қилиб чиқиб кетган. 2016 йилда И.Н.нинг ўгай отаси вафот этган. И.Н.нинг суддаги сўзларига кўра, унинг ўгай бувиси ва амакиси уларни уйдан чиқариб юбориш мақсадида онаси билан жанжаллашиб келган ва отаси бошқалиги туфайли доимий ҳақорат қилиб келган.

— 2018 йилнинг 31 октябрь куни ишдан қайтиб келганимда қўшним ўғлининг туғилган кунига таклиф қилди, — дейди судланувчи. – У ерда меҳмонлар билан гаплашиб ўтирдим. Бироз спиртли ичимлик ичдик. Кеч бўлгач уйга қайтдим. Дарвозага яқинлашганимда ичкарида бувим мени келаётганлигимни билиб ҳақоратлашни бошлади. Шу пайт эшикни сим билан беркитаётганлигини кўрдим. Аччиғим чиқиб дарвоза кириш эшигини қаттиқ урдим. Бувимнинг юзига тегди ва у ерга йиқилди. Шунда бошқа отадан бўлганлигимни айтиб ҳақорат қилди. Бу гапларни эшитиб жаҳлим чиқиб, сочидан ушлаб, судраб уйга олиб кириб урдим. Турмуш ўртоғим қўлимдан ушлаб тинчлантиришга ҳаракат қилди. Бувим қарғаб ётганлиги сабабли ўлмайди деб ўйлаб эрталабга қадар хабар олмадик. 1 ноябрь куни эрталаб соат 6:30 ларда уйқудан туриб нонушта қилиб, ишга чиқдим. 10:30 ларда бувим ўлганлигини эшитдим. Ўлдириш мақсадим бўлмаган, қилмишимдан пушаймонман.

Судланувчи И.Н. судда айбига тўлиқ иқрорлик билдирди.

Суд, давлат айбловчисининг хулосасини, жабрланувчининг қонуний вакили А.Жўрахонов, судланувчи И.Н.ларнинг кўрсатувларини, ҳимоячи адвокатларнинг фикрларини эшитиб, жиноят иши ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, суд И. Н.ни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 104-моддаси 3-қисми «д» банди (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлиши), 117-моддаси 2-қисмида (Хавф остида қолдириш одам ўлимига сабаб бўлиши) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топиб, ЖКнинг 59-моддаси тартибида, тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 9 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Бироқ жабрланувчининг қонуний вакили А.Жўрахонов ҳукмдан норози бўлиб, апелляция тартибида жиноят ишлари бўйича вилоят суди апелляция инстанциясига қайта кўриб чиқишни сўраб шикоят билан чиқди. Айни пайтда жиноят иши вилоят судиди кўриб чиқиши белгиланди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Маҳаллий
Саудиялик тадбиркор Ўзбекистонда автомашина эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқаришга сармоя киритади 
Маҳаллий
1000 доллар ойлик олаётган ўқитувчилар, 1 млн нафардан ошган талабалар, янги қурилган 27 та ТТЖ — олий таълим вазири ўринбосари Комилжон Каримов билан эксклюзив су...
Маҳаллий
Тошкентда 3 та машина иштирокида ЙТҲ содир бўлди