Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Жорий йилнинг 25—27 апрель кунлари Тошкентда мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор Адлия вазирлиги томонидан қатор ҳамкор ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилаётган Tashkent Law Spring, яъни «Тошкент ҳуқуқ баҳори» халқаро юридик форуми бўлиб ўтади. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.

Фото: Адлия вазирлиги матбуот хизмати

Фото: Адлия вазирлиги матбуот хизмати

Кун тартибидаги асосий мавзу — «Ҳуқуқ жадал модернизация даврида». Бу ҳақда 2019 йилнинг 4 март куни бўлиб ўтган пресс-брифинг чоғида форум ташкилий қўмитаси маълумот берди.

Форум доирасида давлат органлари, халқаро, миллий ва хорижий юридик ва консалтинг ташкилотлари мутахассислари, илмий ва эксперт доиралари вакиллари жадал модернизация даврида ҳуқуқни ривожлантиришнинг сўнгги тенденцияларини муҳокама қилиш, замонавий юридик илм-фани ва амалиётининг долзарб масалалари бўйича фикр алмашиш имконига эга бўлади.

Tashkent Law Spring форуми дастури доирасида давлат бошқаруви, замонавий юридик фани ва амалиёти, шунингдек «Сифатли давлат бошқаруви», «Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш», «Фаол инвестиция сиёсати» каби йўналишларнинг долзарб жиҳатлари атрофлича кўриб чиқилади.

Шу билан бирга, дастурдан Ўзбекистон сармоя муҳити тақдимоти, мавзуга доир маҳорат дарслари ва давра суҳбатлари ўрин олади. Тадбир доирасида «Йилнинг энг яхши адвокати», «Йилнинг энг яхши адвокатлик тузилмаси», «Йилнинг энг яхши корпоратив юридик хизмати» каби номинациялардаги танлов ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтади.

Спикерлар сифатида Вена халқаро арбитраж маркази бош котиби Элис Фремут-Вольф, Америка—Ўзбекистон савдо палатаси раиси, White&Case халқаро юридик фирмаси ҳамкори Керолин Лемм, БМТТД Коррупцияга қарши курашиш глобал дастури маслаҳатчиси Анги Тимилсин ва бошқа халқаро экспертлар иштирок этиши кутилмоқда.

Maxсус яратилган tashkentlawspring.uz сайтида иштирокчиларни онлайн рўйхатга олиш амалга оширилмоқда. Ҳозирга қадар дунёнинг турли мамлакатларидан 300 га яқин ариза келиб тушди. Форум тадбирлари ўзбек, инглиз ва рус тилларида олиб борилади.

Шунга ўхшаш тадбирлардан форумнинг энг асосий фарқи унда ҳар қандай шахс сайтда рўйхатдан ўтиш орқали иштирок этиши мумкин. Яъни тингловчилар доираси чекланмаган.

Форумда қатнашиш пулли бўлиб, унинг сайтида иштирок этиш шартлари келтирилган. Хусусан, унда иштирок этиш истагида бўлганлар икки хил пакетда, яъни «тўлиқ пакет» ва «махсус пакет»лар асосида тўловни амалга ошириши мумкин.

«Тўлиқ пакет»нинг баҳоси — 3 000 000 сўм (2019 йил 25 мартгача рўйхатдан ўтилганда – 2 500 000 сўм);

«Maxсус пакет»нинг баҳоси — 1 100 000 сўм (2019 йил 25 мартгача рўйхатдан ўтилганда – 900 000 сўм).

Корпоратив тартибда рўйхатдан ўтадиганлар учун имтиёзлар белгиланган. Бунда «Maxсус пакет» фақатгина Форумнинг ишчи тадбирларида қатнашишни назарда тутса, «Тўлиқ пакет» ишчи тадбирларидан ташқари кечки овқат базмида ҳам иштирок этишни назарда тутади.

Брифинг давомида жорий йилнинг 1 мартидан бошлаб Tashkent Law Spring форумида иштирок этиш ва ёритиш учун миллий ва хорижий ОАВлар вакилларини аккредитациядан ўтказиш бошланди. Аризаларни қабул қилишнинг сўнгги муддати — 15 апрель.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Маҳаллий
Ўзбекистон энергетикаси: ортаётган талаб, тақчиллик ва кўрилаётган чоралар ҳақида
Дунё
Қирғизистонда 9 кишида “Цефтриаксон”га аллергик реакция кузатилди, бир киши вафот этди
Маҳаллий
Беш йилда 218 мингдан кўпроқ хонадон. Ўзбекистонда уй-жой муаммоси қандай ҳал этилмоқда?