Бухорода валюта сотиш билан фаолияти билан ноқонуний шуғулланган фуқарога суд озодликдан чеклаш жазосини тайинланди. Бу ҳақда «Дарё»га жиноят ишлари бўйича Шофиркон туман суди раиси Жамолбек Жуманиёзов маълум қилди.
Маълум қилинишича, V.А. 2018 йилнинг 19 ноябрь куни Бухоро шаҳридаги «Альянс» кафеси олдида фуқаро С.М.дан 8 000 АҚШ долларини 66 240 000 сўмга сотиб олган вақтда ушланган. Тезкор гуруҳ V.А.га тегишли бўлган Chevrolet Gentra машинасини кўздан кечирганда, қиймати 65 632 527 сўмни ташкил қилган 7 935 АҚШ доллари, қиймати 5 480 550 сўмни ташкил қилган 45 000 Россия рубли ва 23 658 000 сўм пуллар борлигини аниқлаб, жами 161 011 077 сўмлик пулни ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олган.
Судланувчи V.А.га жазо тури ва миқдорини тайинлашда, иш бўйича енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларни, унинг шахсини, ижобий тавсифланганлигини, содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини жиддий камайтирувчи ҳолат деб эътиборга олиб, уни жамиятдан ажратмасдан туриб ҳам ахлоқан тузатиш имконияти бор деб ҳисоблаб, уни Жиноят кодексининг 177-моддаси 3-қисмининг «а» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топиб, шу моддага асосан бир ярим йилга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
Изоҳ (0)