Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Нукус филиалининг «АКТ соҳасида касбий таълим» йўналиши 2-курс талабаси Жарас Султанов қорақалпоқ тили грамматикаси бўйича янги инновацион дастур яратди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Жараснинг бундай инновацион янгиликни яратишига Play market йўналишида дастурлар асосан рус ва инглиз тилларида эканлиги, унда қорақалпоқ тилининг деярли йўқлиги сабаб бўлган. Шунинг учун у ушбу дастурга қорақалпоқ тилини киритишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Кўп вақт ўтмасдан «Қорақалпоқ тилини ўргатиш» дастурини яратган (1 декабрь — «Қорақалпоқ тилига давлат тили мақоми берилган кун» муносабати билан). Дастур «Тилга эътибор, элга эътибор» номи билан бошланиб, унинг асосий қисми: қорақалпоқ тилининг тарихий грамматикаси, фонетика, лексикология, морфология, синтаксисдан иборат бўлиб, қўшимча қисмида электрон кутубхона, мақоллар ва маталлар, топишмоқлар эгаллаган.
«Электрон кутубхонадан фойдаланувчилар қорақалпоқ тили бўйича сўнгги ёзилган китоблар, киритилган ўзгартиришлар, дастурни ишлаб чиқишда фойдаланилган адабиётлар билан танишиши мумкин. Шу билан бирга, китоб бўйича маълумотларни ўқишингиз ва уни кўчириб олишингиз мумкин бўлади. Ўзим қорақалпоқ тилининг таниқли мутахассиси бўлмасам ҳам дастурнинг маълумотлар базасини яратишда 30 дан зиёд таниқли қорақалпоқ тилшунос адабиётларидан фойдаландим. Дастурда муаллифлар тўғрисида маълумотлар ҳам ўрин олган», — дейди Ж.Султанов.
Дастур айни пайтда қорақалпоқ ва рус тилларида ишламоқда. Энди уни фақат қорақалпоқ ёшларигина эмас, балки хорижий давлатлар ҳам кўриб, ўрганиши мумкин.
Ёш тадқиқотчи Жарас Султанов ҳозирда мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари учун уяли телефон орқали қорақалпоқ тилининг алифбосини ўргатувчи дастур устида иш олиб бормоқда. Шунингдек, келажакда Ўзбекистоннинг чиройли масканлари бўйича маълумот, фотогалерея яратиш ниятида. Тарихий ўринлар ҳақида маълумот, Орол денгизи тўғрисида тарихий фактлар, миллий урф-одат ва дастурларни ёритиш юзасидан дастур ишлаб чиқиб, уни жаҳон ҳамжамиятига таништириш унинг истиқболдаги режалари ҳисобланади.
Изоҳ (0)