Туркия Республикасининг Маданият ва туризм вазирлиги маслаҳатчиси Бекир Карлига бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ташриф буюрди. Ташрифдан кўзланган мақсад Абу Райҳон Беруний ҳақидаги фильмни суратга олиш тафсилотларини муҳокама қилишдан иборат, деб ёзади «Новости Узбекистана».
Туркиялик кинематографчилар гуруҳи «Цивилизация билимдони — Беруний» ҳужжатли фильмини суратга олишни режалаштирмоқда.
Лойиҳа ва сценарий муаллифи бўлган Карлиганинг сўзларига қараганда, бундай кенг кўламли иш уч босқичга бўлинади: «Биринчиси бу суратга олиш жойини танлаш. Иккинчиси — тарихчилар билан мунтазам ҳамкорлик. Бугунги кунда бу Туркия, Голландия ва ўзбекистонлик 15 экспертдан иборат гуруҳдир. Учинчиси — ҳужжатли фильмнинг жонланиши, унда профессионал актёрлар иштирокидаги бадиий саҳна пайдо бўлади. Мазкур жараёнда ўзбек артистларининг иштироки жуда муҳим».
Фильм бюджети ҳозирча номаълум, бу суратга олиш гуруҳини Ўзбекистонда қандай харажатлар кутаётганлигига боғлиқдир.
Бундан ташқари, режиссёр «Цивилизация қомусий олими — Ибн Сино» ва «Улуғбек ва унинг расадхонаси» ҳужжати фильмларини суратга олиш ниятида.
Делегация Ўзбекистонда 2019 йилнинг 4 мартига қадар бўлиш, шунингдек, Самарқанд, Бухоро, Кеш, Урганч ва Хивага ташриф буюришни режалаштирмоқда.
Изоҳ (0)