Жорий йилнинг 2—12 март кунлари Россиянинг Красноярск шаҳрида талабалар ўртасида Бутунжаҳон қишки универсиадаси бўлиб ўтади. Мазкур мусобақада Ўзбекистон спорт делегацияси ҳам иштирок этади. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги «Дарё»га хабар берди.
Универсиадада Ўзбекистон шарафини Али Тўхтаев ва Иван Меркушин мураббийлигида Комилжон Тўхтаев, Дамир Бухарбаев, Алдиёр Гаипов, Екатерина Лябина ҳамда Жасур Маҳмудов ҳимоя қилади.
Универсиада – Халқаро талабалар спорти федерацияси (FISU) шафелигида талабалар ўртасида ҳар икки йилда ўтказиладиган халқаро мусобақа ҳисобланади. Баҳсларда 17 ёшдан 25 ёшгача бўлган талабалар ва мусобақа ўтказилаётган йилда диплом олган битирувчилар иштирок этишлари мумкин.
Бу йилги мусобақада 50 дан ортиқ давлатдан 3000 нафарга яқин спортчи иштирок этиши кутилмоқда. Талаба-спортчилар биатлон, тоғ чанғиси, кёрлинг, чанғи пойгалари, сноуборд, конькида фигурали учиш, фристайл, хоккей, тўпли хоккей, чанғида мўлжални олиш ва шорт-трек каби 11 та спорт тури бўйича 76 та медаллар жамланмаси учун кураш олиб боради.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)