Давлат хизматлари соҳасидаги энг кўп ҳуқуқбузарликлар Навоий вилояти (126 та), Қорақалпоғистон Республикаси (124 та) ва Сурхондарё вилоятида (111 та) экани аниқланди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Адлия вазирининг тегишли буйруғига мувофиқ, 2018 йилда мамлакатдаги барча Давлат хизматлари марказларида 1 062 назорат тадбирлари ўтказилган. Натижада, 55 нафар ходим билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинган, 116 нафар шахсга ҳайфсан, 40 нафар шахсга жарима интизомий жазо чоралари қўлланилган ҳамда 457 нафари аниқланган камчиликлар тўғрисида огоҳлантирилган.
Мазкур ишлар 2019 йилда ҳам давом этмоқда. Шундай қилиб, йил бошидан 127 та «сирли мижоз» тадбири ўтказилган. Уларнинг натижасида 9 нафар ходим билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинган, 21 нафарига ҳайфсан, 2 нафарига жарима интизомий жазо чоралари қўлланилган.
Ушбу ўрганишларнинг таҳлили фуқаролар муомала маданияти, ортиқча ҳужжатлар талаб қилиниши, шунингдек, ижро интизоми каби камчиликлардан норози эканлигини кўрсатган.
Белгиланган камчиликларни бартараф этиш мақсадида агентлик раҳбарияти томонидан тегишли тавсиялар берилди. Ушбу турдаги мониторинг самараси ўлароқ, барча ДХМ ходимлари учун махсус тамойиллар ишлаб чиқилди ва расман тасдиқланган. Бундан ташқари, ҳар бир марказда администратор бурчаги ташкил этилиб, у орқали фуқаролар ўзларини қизиқтирадиган саволларига жавоб олиши мумкин.
Изоҳ (0)