25 февраль куни Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов пойтахтдаги Hyatt Regency меҳмонхонасида Халқаро кураш ассоциацияси президенти, ООК Осиё ўйинлари департаменти директори Ҳайдар Фармон билан учрашув ўтказди.
Унда ўзбек миллий спорти ҳисобланган курашнинг Осиё ўйинларидаги ўрнини мустаҳкамлаш йўлида музокаралар олиб борилди.
Учрашувда МОҚ раҳбари мусобақанинг кураш бўйича баҳсларида вазн тоифасини кўпайтириш ғоясини илгари сурди. Ушбу таклиф Халқаро кураш ассоциацияси президенти томонидан ҳам қўллаб-қувватланди. Бу бўйича Осиё Олимпия Кенгаши хулосаси Ханчжоу—2022, Нагоя—2026 ўйинлари ташкилий қўмитасига ҳам юборилди.
Учрашув якунларига кўра, 2022 йилги Осиё ўйинларидан бошлаб кураш 15 та вазн тоифасида (7 та эркаклар, 8 та аёллар) ташкил этилади. Шунингдек, эркаклар ва аёллар ўртасида жамоавий беллашувлар ҳам ўйинлар дастуридан ўрин олади. Шу тариқа, ўзбек спорти нуфузи Осиё ўйинларида янада кўтарилади ва кураш баҳсларда умумий ҳисобда 17 та медаллар жамланмаси ўйналади.
Эслатиб ўтамиз, 2018 йилги Осиё ўйинларида 7 та вазн тоифасида (4 та эркаклар, 3 та аёллар) беллашувлар ўтказилган. Мусобақада Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган 14 спортчидан 12 нафари медалларга сазовор бўлганди.
Эслатиб ўтамиз, 24 февраль, якшанба куни Осиё Олимпия Кенгаши (ОCА) президенти Шайх Аҳмад ал-Фаҳад ас-Сабоҳ Тошкент шаҳрига ташриф буюрганди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)