«Барселона» ҳужумчиси Лионель Месси Ла Лиганинг 25-турида «Севилья»га қарши кечган баҳсда ҳет-трикка эришди (4:2).
Аргентиналик футболчи учрашувнинг 26-дақиқасида Иван Ракитичнинг узатмасини голга айлантириб ҳисобни тенглаштирган бўлса, 68-дақиқада ҳам Месси яна бир бор ҳисобни тенглаштирди (2:2). 86-дақиқада эса учинчи голини уриб, жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди.
Месси умумий ҳисобда «Севилья» дарвозасига 28 та гол урди. Бу Ла Лигада битта жамоа дарвозасига гол уриш бўйича рекорд ҳисобланади. Бунгача Криштиану Роналду ҳамда Мессининг ўзи «Севилья» дарвозасига 25 тадан тўп киритиб, рекордни бўлишиб турганди.
Жорий мавсум Лео Испания чемпионатида 25 та гол урди ва тўпурарлар баҳсида етакчилик қилмоқда.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)