Ўзбекистон Миллий университетида Жанубий Кореянинг Таэквондони тарғиб қилиш жамғармаси вакиллари кутиб олинди. Бу ҳақда «Дарё»га ЎзМУ матбуот хизмати маълум қилди.
Университет раҳбарияти жамғарма раиси Санг Вук Ли, илмий тадқиқот идораси менежерлари Ким Хюн-Ву, Канг Сеук Ким ҳамда таэквондо таълими тарғибот фонди вакили Жунг Со Лим билан учрашув ўтказди.
Учрашувдан кўзланган мақсад – янги факультетнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, таэквондо спорт тури бўйича малакали мутахассисларни тайёрлаш бўйича зарур имкониятлар яратиш, ҳамда факультет талабаларининг Жанубий Кореяга 1 ойлик ўқув курсига бориб келишини таъминлашдан иборат.
Учрашув давомида жамғарма раиси Санг Вук Лига «Ўзбекистон Миллий университети фахрий доктори» унвони берилди.
«Биз қўлимиздан келган барча ёрдамни аямаймиз. Ўзбекистон ва Корея ўрасидаги таълимий алоқаларни юқори босқичга кўтаришга ҳаракат қиламиз. Университетингизда таэквондо спорт турини ўрганишга қаратилган факультет очилганига кўп бўлмади. Шу сабаб, бу йўналишни ривожлантиришга қаратилган илғор технологиялар ва механизмларни қўллаш жуда муҳим», – деди жамғарма раиси Санг Вук Ли.
Учрашув сўнггида икки томон ўртасида манфаатли алоқаларни йўлга қўйишни кўзда тутувчи меморандум имзоланди.
Изоҳ (0)