Марказий банк 2019 йилда нархлар даражасига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган номонетар омилларни санаб ўтди. Бу ҳақда 2018 йилнинг 4-чораги учун пул-кредит сиёсати шарҳида маълум қилинди, деб ёзади «Газета.uz».
Регулятор прогнозига кўра, бунда биринчидан, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш давлат дастурлари доирасида ажратиладиган кредитлар бўйича имтиёзлар тақдим этиш механизмини такомиллаштириш, шунингдек, иқтисодий фаолликни бундай рағбатлантиришнинг самарадорлигини ошириш пул-кредит сиёсати трансмиссион механизми фоиз канали таъсирчанлигини оширишга ҳамда пул-кредит шароитларини номақбул юмшатилиши олдини олишга ёрдам беради.
Иккинчидан, иқтисодиётда давлат аралашувини камайтириш, иқтисодиётнинг барча секторларини эркинлаштириш ва монополиядан чиқариш, шунингдек бозорнинг барча иштирокчилари учун бир хил бўлган шаффоф қоидалар асосида қулай бизнес муҳитини яратиш орқали иқтисодиётда рақобат муҳитини ривожлантириш бўйича чора-тадбирларни кучайтириш таклиф омилларининг инфляцияга таъсирини камайтиради.
Учинчидан, ҳозирги вақтда ички иқтисодиётда кузатилаётган истеъмол ва инвестиция талаби ошиши шароитида божхона тарифларини минималлаштириш ва импорт тартибларини соддалаштириш, шунингдек импорт қилувчи барча бизнес субъектлари учун тенг шароитларни яратиш импорт товарлари ва хом-ашёлари нархлари кескин ўсишининг олдини олади. Бунда, ички товарлар таклифининг етарли эмаслиги импорт ҳисобига қопланади. Қайд этиш лозимки, 2019 йил январдан бир қанча товар позициялари бўйича божхона ставкаларини ошириш томонга қайта кўриб чиқилиши бир томондан импортни қимматлашиши, иккинчи томондан тегишли товар бозорларида рақобатнинг камайиши ҳисобига мазкур товар турлари бўйича нархлар ўсиши хавфини келтириб чиқаради.
Тўртинчидан, таклиф омилларининг инфляцияга таъсирини камайтиришнинг муҳим шарти иқтисодиётнинг реал сектори корхоналарини узлуксиз электр энергия билан таъминлаш ҳамда ишлаб чиқариш, транспорт ва коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш ҳисобланади. Пул-кредит сиёсатининг амалдаги йўналишини сақлаб қолиниши ва бюджет харажатларини белгиланган параметрлар доирасида бажарилиши, шунингдек, янги солиқ тизимининг самарали жорий этилиши шароитида Марказий банк 2019 йил III чорак бошида инфляция прогнозини қайта кўриб чиқиши мумкин.
Изоҳ (0)