Ўзбекистонда газета ва журналларни бепул олувчи ташкилотлар рўйхатини қисқартириш режалаштирилмоқда, деб ёзади «Podrobno.uz».
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Вазирлар Маҳкамаси ва Адлия вазирлиги босма маҳсулотлар, шунингдек, даврий босма нашрларнинг мажбурий бепул нусхаларини олувчи ташкилотлар рўйхатини қисқартириш ва нусха тарқатиш тартибини қайта кўриб чиқмоқда.
«Айни чоғда қонунчилик асосида тузилган рўйхатга кўра, умумий ҳисобда 43 та давлат идораси ва ташкилотига 71 та босма маҳсулот ҳамда рўйхат асосида 25 та идорага 84 донадан газета ва журнал мажбурий бепул тарқатилади. Бунда мажбурий бепул бериладиган босма маҳсулотлар матбаа корхоналари ва нашриётларнинг ўз ҳисобидан амалга оширилади», — дея таъкидлайди Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги.
Бу борада хориж тажрибаси ўрганилганда, Россияда — 16 та, Швецияда — 8 та, Финляндияда — 7 та, Норвегияда — 5 та, Польшада — 11 та, Чехияда — 17 та, Болгарияда — 22 та, Италияда — 5 та, Португалияда — 12 та, Хитой ва Мексикада — 1 та, АҚШда — 2 донадан бепул мажбурий нусхалар асосан миллий ахборот-кутубхона муассасаларига берилиши аниқланган.
Ҳозирги вақтда ОАВнинг электрон турлари оммалашганини ҳисобга олиб, шунингдек, нашриёт, таҳририят ва матбаа корхоналарини қўллаб-қувватлаш мақсадида Агентлик томонидан мажбурий бепул нусхаларни тарқатиш тартибини қайта кўриб чиқиш таклиф этилган. Даврий нашрлар ва китоб маҳсулотларига эҳтиёжи бўлган ташкилотлар уларни обуна бўлиш орқали олиши мумкин бўлади.
Изоҳ (0)