11 февраль куни Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов Huawei компаниясининг Ўзбекистондаги янги тайинланган бош директори Лю Сзясинни қабул қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Вазир хитойлик меҳмонни қутлар экан, Huawei компаниясининг Ўзбекистондаги кўп йиллик фаолияти ҳамда республикада телекоммуникация технологияларининг ривожланишида компаниянинг сезиларли ҳисса қўшишини эътироф этди.
Ўз навбатида, Huawei компаниясининг Ўзбекистондаги бош директори Лю Сзясин юқори технологиялар соҳасидаги устувор инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишда компаниянинг Ўзбекистон томони билан муносабатларни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга тайёр эканини билдирди.
Суҳбат давомида Хитой инвестицияларини жалб қилган ҳолда, Ўзбекистонда АКТни ривожлантириш доирасида яқин истиқболда вазирлик ўз олдига қўйган устувор аҳамиятга молик масалалар кўриб чиқилди. Жумладан, «Хавфсиз шаҳар» инвестициявий лойиҳасини амалга ошириш доирасида ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Томонлар мазкур йўналишда ўзаро манфаатли ҳамкорлик қилиш ва икки томонлама ҳамкорлик юзасидан келгусида амалга ошириладиган ишларни муҳокама этишга тайёр эканлигини билдирди.
Изоҳ (0)