2019 йил 28 январь куни жиноят ишлари бўйича Нурота туман судининг очиқ суд мажлиси ўз биносида судья З.Ибрагимов раислигида судланувчилар — Ҳ.Комилов, Б.Исаев ва И.Норовга (исм-фамилиялар ўзгартирилган) нисбатан жиноят ишини кўриб чиқди, деб ёзади ЎзА.
Судланувчи Ҳ.Комилов Нурота тумани, Оққула қишлоғида истиқомат қилиб, ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида олдиндан таниш бўлган Б.Исаев билан тил бириктириб, Б.Исаевнинг амакиси Ш.Исаевга тегишли бўлган жами 131 бош майда шохли молни Нурота тумани, Писмонча тоғида қаровсиз қолдирилганлигидан фойдаланиб, 2018 йил август ойининг ўрталаридан 2018 йил сентябрь ойининг охирига қадар беш маротаба яширин равишда Қизилтепа ва Кармана тумани ҳудудидаги мол бозорларга сотиб юборган ва пулларини ўзларининг эҳтиёжи учун ишлатган.
Лекин енгил йўл билан бойлик орттириш ёқиб қолган Б.Исаев ўзига олдиндан таниш бўлган И.Норовни ҳам жиноят кўчасига етаклайди.
2018 йил 25 октябрдан 26 октябрга ўтар кечаси Б.Исаев И.Норов билан олдиндан ўзаро жиноий тил бириктириб, Нурота туман «Қизилча« МФЙда яшовчи А.Илёсовнинг жами 53 бош майда шохли молни ва ҳар бири 400 минг сўмдан бўлган 2 бош эчкини Нурота тумани, «Қизилча» МФЙ, «Консой» дарасида қаровсиз қолдирилганлигидан фойдаланиб, Қизилтепа туманидаги мол бозорда сотиб юборади ва пулларини ўзининг эҳтиёжи учун ишлатади.
Суд иш ҳужжатларни атрофлича ўрганиб чиқиб, жабрланувчиларга етказилган зарар қопланганлиги, судланувчиларнинг қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини ҳисобга олиб, уларга озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган, яъни озодликни чеклаш жазоси тайинланди ва суд залидан қамоқдан озод қилинди. И.Норовга нисбатан эса ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Изоҳ (0)