Ўзбекистон Қуролли кучларида ҳар жума ўтказилаётган «Маънавий юксалиш ва ватанпарварлик куни»да Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртининг 70 нафардан зиёд биринчи босқич курсанти мамлакатнинг маданий-тарихий мероси ҳамда табиий бойликлари билан танишиш мақсадида Бухоро вилоятига саёҳат қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Экскурсия дастури қизиқарли ва мазмунли учрашувларга бой бўлди. Саёҳат курсантларнинг «Мунис она» ҳайкали пойига гуллар қўйиши билан бошланди. Шундан сўнг саёҳатчи ҳарбийлар Бухоро шаҳридаги тарихий- меъморий обидаларни зиёрат қилди.
Бухорога экскурсия давомида бўлғуси офицерлар шаҳарнинг 19-сонли умумтаълим мактаби ўқувчилари билан учрашиб, «Жасорат» дарсларини ташкил этди ҳамда ўқувчиларга «Темур тузуклари» номли китобларини улашди. Учрашув сўнгида билим юрти фаолиятига доир фильм намойиш этилди.
Ҳарбийларнинг шаҳарда жойлашган 32-сонли Меҳрибонлик уйига ташрифи ушбу маскан тарбияланувчилари қалбига бир олам қувонч ҳадя этди.
Изоҳ (0)