Ҳабиб Нурмагомедов мураббийи Ризвон Магомедовнинг сўзларига кўра, спортчи жамоаси аъзолари — Абубакар Нурмагомедов ва Зубайра Тухуговнинг дисквалификация муддати тугамагунча у UFC’да жанг қилмайди.
Эслатиб ўтамиз, Абубакар ва Зубайрани 1 йилга четлатиш борасидаги қарорни Невада штати Атлетика комиссияси қабул қилганди.
«Абубакар ва Зубайранинг дисквалификация муддати тугамагунча Ҳабиб жанг қилмайди», — дейди Магомедов «Спорт24»га берган интервьюсида.
2018 йилнинг 6 октябрида Лас-Вегасда бўлиб ўтган жангда Ҳабиб Нурмагомедов ирландиялик Конор Макгрегорни мағлуб этганди.
Жангдан сўнг россиялик жангчи октагондан сакраб тушади ва ирландиялик ёрдамчиси Диллон Денис билан муштлашади. Шу вақтнинг ўзида Абубакар Нурмагомедов ҳамда Зубайра Тухугов октагонга чиқади ва Макгрегор билан жанжал уюштиради.
Натижада Абубакар ва Зубайра бир йилга жанглардан дисквалификация қилинди ва 25 минг доллар миқдорида жарима тўлайди. Макгрегор 6 ойга четлатилди ва 50 минг доллар жарима пули тўлайдиган бўлди.
Ҳабиб Нурмагомедов эса 9 ой октагонга кўтарилмайди ва 500 минг доллар миқдорида жарима пули тўлайди. Агар Нурмагомедов безориликка қарши қаратилган ижтимоий роликда қатнашса, дисквалификация муддати 6 ойга қисқариши мумкин. Ризвон Магомедовнинг айтишича, Ҳабиб бунга рози бўлмаган.
Барча дисквалификациялар муддати 2018 йил 6 октябрда содир бўлган жанжал кунидан бошлаб ҳисобланади.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)