Андижон вилоят телерадиокомпаниясида жиноят, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий ишлар бўйича вилоят судлари раислари иштирокида ўтказилган навбатдаги брифингда ўтган йил давомида амалга оширилган ишлар таҳлил этилди. Бу ҳақда журналист Умиджон Мамарасулов хабар бермоқда.

Foto: “Rawstory.com”

Фото: «Rawstory.com»

Брифингда қатнашган фуқаролик ишлари бўйича Андижон вилоят суди раиси Воҳиджон Назаровнинг маълум қилишича, 2018 йил мобайнида 3 790 (2017 йилда 5 738) нафар шахсга нисбатан 2 956 (4 310) та жиноят иши кўриб чиқилган ва тамомланган. Шундан жиноят иши бўйича 2 822 нафар шахсга нисбатан айблов, 7 шахсга нисбатан эса оқлов ҳукмлари чиқарилган. Шулардан 57 нафарига ёшлар иттифоқи, хотин-қизлар қўмитаси, маҳаллалар ва бошқа жамоат бирлашмаларининг кафиллиги асосида озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган.

Воҳиджон Назаровнинг қайд этишича, судланганларнинг асосий қисмини хотин-қизлар, вояга етмаганлар, ёшлар, олтмиш ёшдан ошган эркаклар ташкил этган.

Судланганлик ҳолати ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда, вилоятнинг деярли барча туман (шаҳар)ларида кўрсаткичлар 2017 йилга нисбатан камайган.

Вилоят миқёсида 2018 йилда судланганлар сони 1 360 тага ёки 34,3 фоизга, Хўжаобод, Шаҳрихон, Асака ва Андижон туманларида эса 50 фоизгача камайиш ҳолатлари кузатилган.

Якуний таҳлилларга кўра, умумий жиноятлар сони 22,5 фоизга, шу жумладан номусга тегиш 43,5, фирибгарлик 40,6, талончилик 35,7, босқинчилик 33,3, безорилик 11, қотиллик 10,8, қасддан баданга оғир шикаст етказиш 10,3 фоизга камайган.

— Афсуски, номусга тегиш ҳолати Улуғнор ва Марҳамат туманларида, одам ўлдириш билан боғлиқ жиноятлар эса Хўжаободда 5 баробарга, Андижон, Асака, Балиқчи, Избоскан туманларида ўтган йилгига нисбатан 50 фоизга ортган. Бундан кўриниб турибдики, мазкур ҳудудларда жиноятлар профилактикаси самарадорлиги етарли даражада эмас, — дейди Воҳиджон Назаров.

Брифингда қатнашган фуқаролик ишлари бўйича Андижон вилоят суди раиси Жўрабек Қорабоевнинг айтишича, ўтган йил мобайнида 17 036 та фуқаролик ишлари кўриб чиқилган ва тамомланган.

Кўриб тамомланган фуқаролик ишларидан юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни белгилаш, шахсни ҳуқуқни вужудга келтирувчи ҳужжатида исми, фамилияси, отасининг исми мос келмаса, ҳужжатни унга тегишлилиги, тегишли эмаслиги фактини белгилаш, ишга тиклаш, оталикни белгилаш, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш, уйга киритиш, олди-сотди шартномасидан келиб чиқадиган даъволар, жиноят оқибатида етказилган зарарларни қоплаш билан боғлиқ низолар, мулкни ноқонуний эгаликдан талаб қилиб олиш каби мурожаатлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4 мингтага, яъни салкам 20 фоизга камайган.

Аксарият йўналишлар бўйича кўрилган ишлар ўтган йилга нисбатан камайган бўлса-да, никоҳдан ажратиш, қарз ундириш, боланинг яшаш жойини ёки бола билан кўришиш тартибини белгилаш, оталикка эътироз билдириш, ўзбошимчалик билан қурилган қурилмаларни буздириш, мулкни рўйхатдан ёки хатлашдан чиқариш, маъмурий ҳуқуқбузарлик оқибатида етказилган зарарни қоплаш каби масалалар бўйича мурожаатлар кескин ортган.