Фарғона шаҳридаги Ўзбекистон–Корея дўстлик ўқув маркази негизида Жанубий Кореянинг JEI университети филиали очилади. Бу ҳақда жорий йилнинг 19-20 январь кунлари Ким Чанг Кун бошчилигидаги Жанубий Корея Республикаси делегациясининг Фарғона вилоятига ташрифи вақтида маълум қилинди, деб хабар бермоқда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати.
Делегация аъзолари – JEI университети президенти Ли Жи Ву, университет декани Гонг Сангсик, университет бошқарув директори Чо Бонгрей ҳамда университет ходими Ким Митякни Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев қабул қилди.
Меҳмонларга вилоятда Жанубий Корея билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар, олий таълим соҳасидаги ишлар хусусида маълумот берилди. Вилоят ҳокимлиги вакиллари билан делегация аъзолари ўртасида Жанубий Кореянинг JEI университети филиалини очиш масаласида музокара олиб борилди.
Музокаралар давомида делегация аъзоларига Фарғона шаҳри марказида жойлашган, JEI университети филиали очилиши режалаштирилаётган Ўзбекистон–Корея дўстлик ўқув маркази биноси таништирилди.
Жанубий Корея делегациясининг Фарғона вилоятига ташрифи якунлари бўйича Фарғона шаҳрида JEI университети филиалини очиш юзасидан меморандум ва келишувлар имзоланди.
Изоҳ (0)