Давлат хизматлари агентлиги Навоий вилояти бошқармаси ходимлари солиқ ва прокуратура органлари вакиллари билан ҳамкорликда жойларда якка тартибда шуғулланаётган тадбиркорларга фаолияти юзасидан ҳуқуқий маслаҳатлар бериш, уларнинг мурожаатларига ечим топишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Қизилтепа туманида 2018 йилда давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорликнинг у ёки бу тури билан фаолият кўрсатган 145 нафар фуқаро аниқланган ва фаолияти қонунийлаштирилган. Бу борадаги ишлар жорий йилда ҳам давом эттирилмоқда.
Қизилтепа тумани деҳқон ва буюм бозорларида тегишли идоралар ҳамкорлигида ташкил этилган сайёр рўйхатдан ўтказиш тадбирида ҳам 49 нафар фуқаро якка тартибда тадбиркорлик қилиш учун рухсатнома олди.
Бозорда китоб савдоси билан шуғулланадиган Муниса Салимова ана шундай фуқаролардан бири. У уч ой давомида китоб сотиш билан шуғулланган бўлса-да, фаолиятини давлат рўйхатидан ўтказмаган. Тадбиркор шу куни солиқ, прокуратура ходимлари томонидан берилган ҳуқуқий тушунчалар, туман давлат хизматлари маркази ходимлари кўрсатган сайёр хизматдан мамнун бўлди.
23 йилдан буён тадбиркорлик қилаётган Насиба Салимова ҳам 2019 йил бошида қайта рўйхатдан ўтди.
Тадбиркорлар солиқ тўловларининг камайгани боис, фойданинг салмоғи ошаётганидан хурсанд. Солиқ юки енгиллашгани сабаб, аҳолининг ишсиз юрган қатлами орасида якка тартибда тадбиркорлик қилиш истаги кучаймоқда.
Изоҳ (0)