Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида АҚШнинг Миссисипи штати университети Халқаро институтининг ижрочи директори Жули Жордон бошчилигидаги делегация вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири И.Мажидов мамлакатда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олий таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларда халқаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, бунда жаҳоннинг етакчи олий таълим даргоҳлари билан узвий ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.
Кадрлар тайёрлаш ва илмий-тадқиқот ишларида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Музокараларда Оролбўйи минтақасида экологик вазиятни барқарорлаштириш, экологик инқироз оқибатларини юмшатиш, мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланган ҳолда ҳудуднинг экологик ва ижтимоий-иқтисодий ҳолатини, аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш мақсадида киритилаётган янги инвестицион лойиҳалар муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.
Шу билан бирга Орол денгизи ҳудудида вазиятни барқарорлаштириш йўлида амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини оширишда малакали кадрларга эҳтиёж сезилиши таъкидланди ва АҚШнинг Миссисипи штати университетининг Халқаро институти билан бу борадаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, экология соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш, ўрмончилик, балиқчилик, сув муаммоларини ўрганиш каби тор доирадаги йўналишлар бўйича мутахассислар тайёрлаш истиқболлари кўриб чиқилди.
Тошкент давлат аграр университети билан АҚШнинг Миссисипи штати университети Халқаро институти ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш борасида аниқ амалий чора-тадбирлар белгиланди.
Изоҳ (0)