Яқинда қорақалпоғистонлик таниқли журналист, ёзувчи Ўмирбай Ўтеулиевнинг «Эркин Қарақалпақстан» газетасида «Қоратеран» - Оролнинг учинчи кўзи, тўртинчиси қаёқда? деган мақоласи чоп қилинди, деб ёзмоқда ЎзА. Мақолада таъкидланишича, Орол билан Каспийнинг ўртасида боғловчи ер ости дарёси мавжуд, лекин бу далил негадир ҳамон сир тутиб келинмоқда.
«Орол билан Каспийни боғлаб турган ер ости дарёлари мавжуд эканлиги ҳақида хаёлий ва илмий фаразлар, афсона-ҳикоялар мавжуд. Балиқчи боболаримиз «Оролнинг тўртта кўзи бор, биринчиси, денгизнинг қоқ марказида. У ерда сув ўтовнинг катталигидай келадиган чуқурга гирдоб бўлиб ер тагига сингиб кетади. Иккинчиси Устюртдаги Гуркуреуик қудуғи. Номидан маълум бўлинганидек, бу ерда сув ер остида гуркираб оқиб туради. Кечаси қайнаган қумғондек пақирлаган овози олис-олисларгача тарқалиб, кишини даҳшатга солади. Қудуқдаги баъзида ярим, баъзида тўлиб оқиб турадиган сувига нарса ташласанг яшин тезлигида оқизиб кетади. Учинчиси, Тахтакўпир туманидаги «Қаратеран» кўли. Тўртинчиси кўзи қаёқда?» — дейилади мақолада.
Унда таъкидланишича, қозоғистонлик олимлар денгиз ўртасидан бирнеча юз йиллик саксовул ўтинларини топган ва музейга қўйган. Мўйноққа кираверишда эса денгиз томон кетган эски карвон йўллари мавжуд. Бу йўллар қадимги «Ипак йўли»га туташади. Демак, тарих саҳифаларида ёзилганидек, денгиз бирнеча маротаба тўлиб, бирнеча бор суви камайганлиги ҳақиқат.
Ўмирбай Ўтеулиевнинг ёзишича, ўтган асрнинг 30 йилларида олимлар Каспий денгизида бакрабалиқ урчитиш учун уларга белги қўйиб (сирға тақиб) сувга қўйиб юборади. Шу сирға тақилган бакрабалиқлар Орол денгизидан чиққан. Ер сатҳининг бири баланд нуқтасида, бири пастида жойлашган икки денгизнинг ўртасида алоқа мавжудлигини текшириш учун бўёқ оқизиб кўрилганда Каспийдан юборилган бўёқ яна Оролда кўринади. Ҳайрон қоларлик бу табиий жараён, географик кашфиётларнинг ҳар томонлама тадқиқ қилинишига Иккинчи жаҳон уруши тўсиқ бўлади. Икки денгизни туташтирувчи ер ости дарёлари мавжуд. Лекин бу ҳали ҳам сир тутилмоқда. 1940 ва 1960 йилларда икки денгиз ўртасида тарновлар қурилган. Ер ости қурилмалари қурилишларида урушда асирга тушган ва ўлимга маҳкум этилганлар ишлаган. Асирликдан овулига қочиб келган биттаси шу сирни эълон қилади. Оролнинг суви 1960 йиллардан бошлаб камая бошлайди ва аксинча Каспий йилдан йилга тошиб бораверади.
Оролнинг биринчи кўзи ҳақида мўйноқлик балиқчилар ҳам бемалол айтиб бериши мумкин. Қозоғистоннинг Орол туманида туғилиб ўсган инженер-гидротехник Хамза Суханбердин ўзининг «Орол – Каспий денгизи ер остидан уланганми?» мақоласида Орол денгизининг қоқ марказида «Возрождение» сирли ороли жойлашганлигини айтган. Ушбу оролнинг ғарбий чегараси Устюрт тик жарлигига туташади. Устюрт платосининг ер юзаси эса ясси тоғли бўлиб ,унинг баландлиги 100-150 метргача етади. Бир сўз билан айтганда, Орол ғарбидаги Устюрт бир вақтлари ернинг тектоник қаватининг қўзғалганини кўрсатади. Демак, Орол билан Каспий ўртасининг ер ости сув каналлари бўлиши шубҳасиз. Сабаби Каспий денгизининг суви 1991 йилда кўтарилиб, сатҳи 2,06 метргача етди. Шу йиллари Оролга қуядиган дарёлар суви камайди.
«Оролнинг суви ҳам кескин тортилиб кетди. Шу вақтларда Оролнинг суви ер ости дарёлари билан Каспийга оқиб кетмаганмикан?» — дейди муаллиф.
Ҳақиқатдан ҳам оролнинг суви Каспийга оқиб кетганми? Тарихдан маълум-ки, Амударё Узбой орқали Каспийга оққан. Лекин, журналист Ў.Ўтеулиев таъкидлаётган ер ости дарёларининг Узбойга алоқаси йўқ. Юқорида тилга олинган иккита муаллифнинг тахмин қилаётган гапларини қорақалпоғистонлик археолог олим Онгарбай Юсупов ҳам тасдиқлайди. У Оролнинг сувлари айнан шу жойда, яъни тик жарлик Устюрт тоғининг остига қараб кетаётганлигини кўрганлигини таъкидлайди.
«Биз ўтган йили апрель ойида Устюрт бўйлаб саёҳатимиз давомида Онгарбай Юсупов айтган ушбу манзилга бордик. Йўл бўйи Устюртда махфий ҳарбий амалиётлар олиб борилган зонани, денгизга тушилалдиган бетон йўлни, қирғоқдаги ҳарбий казармаларни кўрдик. Бизни ҳайратга солгани Устюртнинг чинклари динамит билан ёриб ўпирилгандай кўринди», — дейди Онгарбай Юсупов.
Устюртда ўтган асрнинг 80 йиллари охиригача «саккизинчи қимёвий ҳимояланиш станцияси» ҳарбий полигони ҳаракат қилган. Баъзи интернет саҳифаларида платода ер ости ядровий портлатиш содир этилгани ҳақида маълумотлар бор. Портлаш тўғрисида устюртликлар ҳам айтишади. Яъни улар 90 йилларда гумбурлаган овозларни эшитган. Уларнинг фикрича, портлатишлар орқали ер ости сув йўллари бекитилган.
Жанубий Устюрт қишлоғида истиқомат қилувчи Ильяс Науризбаевнинг айтишича, ўтган асрнинг 90 йилларигача Устюртда ҳарбий самолётлар изғиб юрган. Устюртда хизмат қилган ёши катталарнинг кўпчилиги эса шу самолётлар ернинг тагига кириб турганини тасдиқлайди. Демак, Устюртда ернинг остида қандайдир махфий лойиҳалар амалга оширилгани аниқ. Бу лойиҳа икки денгиз оралиғига қурилган сув йўли бўлса не ажаб? Чунки устюртлик қарилар ер остига кетиб турган гуркираган сув овозларини эшитишган. 90 йиллардаги портлатишлардан кейин бу овозлар тинган.
Албатта, ер ости дарёлари мавжуд бўлган тақдирда ҳам у Оролнинг қуришига сабаб бўлди, деб бўлмайди. Оролнинг қуришига, энг аввало, инсон фактори сабабчи. Сувни исроф қилиш ҳамда кўплаб қишлоқ хўжалиги учун ер майдонларининг очилиши денгизни фалокат ёқасига олиб келиб қўйди.
Лекин, фанда маълум бўлишича, Орол 4 марта қуриган ва қайта тўлган.
Бундан 21 млн. йил аввал Орол, Каспий ва Қора денгиз ҳаммаси бир бўлган. Ушбу буюк уммонга Тетис деб ном берилган. Устюрт, Қорақум, Қизилқум саҳролари Тетис уммонининг таги бўлган. Ўтган йили Оқтумшуқдан топилган тошга айланган йирик акуланинг тишлари Тетис уммони эсдаликларидир. Тектоник жараёнлар сабабли Устюрт тепага кўтарилиб кетиб, Қора денгиз, Каспий, Орол денгизлари бўлиниб кетади.
Оролнинг илк номини араб ёзувчиси Ибн Руста (920 йили) қўллаган. Оролнинг бундан бошқа Хоразм кўли, Кердери кўли, Жент денгизи деган номлари ҳам бор. Масалан, тарихчи Шахрух Хафиз-и Абрунинг 1417 йилда ёзган йилномасида:«Хоразм (Орол) кўли йўқ, Жайҳун (Амударё) суви янги арна топиб, Ҳазар (Каспий) денгизига қуя бошлади» дейилган.
2000 йиллар бошларида Орол денгизининг Қозоғистон қисмидаги суви қуриган майдонидан, яъни Сирдарёнинг денгизга қуйиб турган жойидан тахминан 45-50 км ичкарида тарихий ёдгорликлар топилган. Ўтган асрнинг 60 йилларида бу жойда 18 метр баландликдаги сув бўлган. Қуриган денгиз остидан топилган тарихий шаҳар бутун жамиятни ҳайратга солди. Топилган керамик идишлар эса XIII-XIV асрга тегишли бўлиб чиқди. Денгиз остида қолган ушбу шаҳарга Кердери деб ном берилди. Ҳайрон қоларлик жиҳати у ердан масжид, буюмлари билан дафн қилинган бўйи икки метр келадиган йирик одамларнинг қабрлари чиққан.
Демак, бу шаҳар Амударёнинг Каспийга оқиб турган пайтида солиниб, кейин қайтадан Оролга кела бошлаганида сув остида қолиб кетган. Туркшунос олим, профессор Ауелбек Қўнғиротбоевнинг таъкидлашича, Оролнинг остида шундай 40 та қалъа қолиб кетган.
2013 йилда Россиянинг «РенТВ» телеканали Оролнинг қуриган тагида сирли геоглифлар топилганини маълум қилди. Сири очилмаган, жавоби йўқ тилсим геогрифларнинг Орол денгизининг тагидан топилиши нафақат олимларни, балки бутун жамиятни ҳайратга солди. Бу геоглифларнинг қаёқдан, қандай қилиб, қачон пайдо бўлганини олимларнинг ўзлари ҳам аниқ билмайди. Оролнинг геоглифлари Сирдарёнинг Оролга қуйиладиган томонида, денгизнинг очилган қирғоғида 10-15 метр майдондан топилган. Олимларнинг фикрича, бу каби йирик тамғаларни қуриш учун энг кучли 20 минг техника камида 90 йил давомида тинмасдан ишлаши керак экан. Шу каби геоглифлар Мўйноқ тумани ҳудудида ҳам мавжуд бўлиб, уларни Google Planeta дастури орқали компьютерда кўрса ҳам бўлади.
Бугунги кунда дунёга машҳур Перу заминидаги Наска суратлари ҳам олимларнинг бошини қотириб келмоқда. У ердаги ўргимчак, тўтиқуш, маймун ва бошқаларнинг суратлари қайси асрда, қандай цивилизацияда, кимлар томонидан солинганини билишмайди. Шунинг учун олимлар уларни ўзга сайёраликлар бизга қолдириб кетган космодром белгиси деб тахмин қилмоқда. Агар шу гап рост бўлса, Орол ва Устюрт ҳудудида ҳам шундай ҳодисалар юз берган бўлиши мумкин.
Яна бир жиҳат, Устюртда ўтган асрда топилган кўп сонли найзасимон расмлар ҳам бутун дунёни хайратга солганди. Ушбу расмларнинг ёши, кимлар томонидан ва нима мақсадда қурилгани олимлар томонидан аниқланди. Яъни, икки томонининг узунлиги 900 метргача, теранлиги уч метргача қазилган гигант қурилишларни бундан 2400-2500 йил аввал кўчманчи қабилалар қурганлиги фанда исботланди. Улар шу усул билан бир марталик уринишда ўн минглаб сайғоқ, жайрон ва қулонларни тузоққа туширган. Бу қурилишларнинг номи аран дейилган. Устюртнинг номи эса Аранқир деб аталган.
«Демак, сир-синоатга тўла Орол ва Устюрт тилсимларини очадиган вақт етиб келди. Мўйноқда туризмни ривожлантирамиз, деяпмиз. Мана шу сир-синоатлар туризм учун етиб ортади. Масалан, Перудаги Наска суратларини кўриш учун ҳар йили миллионлаб сайёҳлар ташриф буюради ва давлатга 3 миллиард доллар шунинг ҳисобидан кириб келади. Бизда эса Наска суратларидан 10 баравар каттароқ сирли суратларимиз бор. Лекин шундай бойлигимиз борлигини ҳатто ўзимиз ҳам билмаймиз.
Мустақил давлат бўлдик. Сўз эркинлиги бор. Лекин нима учун шу кунга қадар Возрождение ороли ҳамда Устюртда олиб борилган махфий ҳарбий амалиётлар ҳақида ҳеч нима билмаймиз? Интернет саҳифаларида-ку Возрождение оролини «ўлим ўчоғи» деб аташади. Чунки у ерда Собиқ Иттифоқ даврида етиштирилган бутун биологик қуроллар кўмилган эмиш. Агар шундай бўладиган бўлса уларни утилизация қилиш керак эмасми? Нима учун кўпчилик давлатларда «арвоҳ шаҳар»ларни туристлар ташриф буюрадиган масканларга айлантирилган-у, лекин Мўйноқ туманидаги Возрождение оролига туристик маршрутлар йўқ? Нима учун Мўйноқ тумани ҳудудида жойлашган 2500 йиллик тарихга эга гигант суратларни тарғиб қилмаймиз?» — дейилади мақолада.
Изоҳ (0)