Зулфия номидаги Давлат мукофоти танловнинг илк босқичларида Ўзбекистондаги олий ўқув юртлари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар, умумтаълим мактаблари, мактаб-интернатлар ва Меҳрибонлик уйларидан 30 мингга яқин қиз қатнашди. Бу ҳақда «Дарё»га Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
2019 йилнинг 16 январида ўтказиладиган танловнинг республика саралаш босқичига ҳудудлардан 335 нафар иқтидорли қизларнинг рўйхати тақдим этилган.
Номзодлар орасида қорақалпоқ, рус, қозоқ, тожик, қирғиз бошқирд миллатига мансуб қизлар мавжуд.
Зулфия номидаги Давлат мукофоти таълим, фан, адабиёт, маданият, санъат, спорт ва жамоатчилик фаолиятида алоҳида ютуқларга эришган 14 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган иқтидорли қизларга берилади.
2000—2018 йиллар давомида мазкур мукофотга сазовор бўлган қизларнинг сони 283 нафарга етиб, уларнинг 65 нафари адабиёт, 30 нафари маданият, 49 нафари спорт, 49 нафари санъат, 24 нафари фан, 43 нафари таълим йўналишлари бўйича тақдирланган.
Совриндорларнинг тўққиз нафари Ўзбекистон Президенти стипендияси, 11 нафари Навоий ва Ибн Сино стипендиялари совриндори, 87 нафари эса Осиё, жаҳон ва бошқа нуфузли халқаро мусобақа ва танловлар ғолиблигини қўлга киритган ёшлардир.
Изоҳ (0)