АҚШ Молия вазири Стивен Мнучин конгрессчилар билан учрашганидан сўнг Россиянинг Эн+, «Русал» а «Евросибенерго» компанияларига қўйилган санкцияларни олиб ташламоқчи эканини маълум қилган. Бу ҳақда Sputnik хабар қилди.
«Эн+, ‘Русал’ ва ‘Евросибенергў шунчаки Олег Дерипасканинг назорати остидаги компаниялар бўлгани учун уларга нисбатан санкция эълон қилинган эди. Бу корхоналар бошқарув ва қайта структуралаш борасидаги ўзгаришларни бошдан кечиряпти. Натижада улар Дерипасканинг назоратидан чиқиб, унинг улушини қисқартиради,» – дейди Мнучин.
Мнучиннинг сўзларига кўра, Эн+, «Русал» ва «Евросибенерго» Дерипасканинг назоратидан чиққанини кафолатлаш учун ишларида шаффофликни мисли кўрилмаган даражага олиб чиқишни бўйнига олган. Айнан шу туфайли бу компаниялар санкциялардан озод бўлади.
«Молия вазирлиги Эн+ ва «Русал»ни эҳтиёткорлик билан назорат қилади. Агар улар белгиланган шартларни бажармаса, дарҳол чора кўрилади. Хатто санкция масаласи ҳам қайта кўриб чиқилиши мумкин,» – огоҳлантирди Мнучин.
У, шунингдек, бу масала бўйича конгресс билан ишлашни давом эттиришга тайёр эканини ҳам билдирган.
АҚШ Конгресси ёпиқ мажлисларида Демократик партия вакиллари Мнучиннинг бу кўрсатмасига норозилик билдирган.
«Бу Трамп маъмуриятидан олган энг ёмон ёпиқ брифинглардан бири бўлди,» – дейди вакиллар палатасининг спикери Ненси Пелоси.
Пелосининг айтишича, АҚШ расмийлари, жумладан, Мнучин ҳам, асосан халққа маълум бўлган ҳужжатларни ўқиб бериш билан шуғулланади. Бунга эса конгресс аъзолари «вақтни исроф қилиш» деб қарайди.
«Фақатгина бу сафар демократларга компаниялар бўйича АҚШ разведкасининг хулосасини маълум қилди,» – дейди спикер.
Лекин Пелоси демократлар молия вазирининг санкция масаласидаги кўрсатмасини конгрессда блоклаши ҳақида маълумот беришдан бош тортди.
АҚШ 2018 йил апрелнинг бошида Россияга қарши янги санкциялар эълон қилган эди. Жумладан, Олег Дерипаскани ва у бошқарадиган En+ Group, «Группа ГАЗ», «Базовий элемент» ва «Русал» компанияларини «қора рўйҳат»га (СДН-лист) киритган эди. Бу рўйҳатга кирган компанияларнинг АҚШда активлари блокланади ва Америка фуқароларига ушбу компаниялар билан бизнес қилиш тақиқланади.
АҚШ Молия вазирлиги аввалига компанияларнинг акцияларини сотишга бир ой, амалдаги шартномаларни ва компаниялар билан алоқаларни тугатиш учун икки ой муҳлат берган. Чекловлар 7 майдан ва 5 июндан кучга кириши керак эди. Кейин бу муддатлар бир неча бор узайтирилиб, охиргиси 21 январгача этиб белгиланган эди.
Изоҳ (0)