2019 йилда дунёни қандай долзарб сиёсий воқеа-ҳодисалар кутиб турибди? Берлин девори қулашининг 30 йиллиги ва НАТО ташкил этилганининг 70 йиллиги, Буюк Британиянинг Европа Иттифоқидан ажраб чиқиши ҳамда АҚШ қўшинларининг Суриядан олиб чиқиб кетилиши, Европа парламентига сайловлардан тортиб Украинадаги президентлик сайлови жараёни 2019 йилнинг энг муҳим сиёсий жараёнларига айланади. Шу ва бошқа воқеаларга қисқача тўхталиб ўтамиз.
АҚШ Суриядан чиқиб кетадими?
Дональд Трамп АҚШ президенти бўлиб сайлангач, мамлакат қўшинларининг Суриядан чиқиб кетиши борасида турли фикрлар янгради. Дастлаб АҚШ қўшинлари «60–100 кунлик давр» ичида олиб чиқиб кетилади дейилган бўлса, кейинроқ 30 кунлик муҳлат айтилди.
Трамп янги йил арафасидаги мурожаатида қўшинлар Суриядан босқичма-босқич олиб чиқилишини таъкидлаган бшлса-да, New York Times нашри Трамп америкалик ҳарбийларни олиб чиқиб кетиш учун тўрт ой муддат бергани ҳақида маълумот тарқатди. АҚШ чиндан Суриядан чиқиб кетадиган тақдирда минтақадаги мувозанат ўзгариши масаласи янги йилнинг кун тартибидан жой олади.
Трампга бўлган босим янада кучаяди
Ўтган йилнинг ноябрь ойида бўлиб ўтган оралиқ сайловлар натижасида Демократлар Конгрессдан кўпроқ ўрин олишга муваффақ бўлди. Бу дегани Вакиллар палатаси коррупция, қонунга зид ҳаракатлар масалалари юзасидан Оқ Уйни анча босим остига олиши мумкин.
Буюк Британия Европа Иттифоқи таркибидан чиқади, Туркия эса…
29 март санасида Буюк Британия Иттифоқдан расмий равишда чиқиб кетади (агарда инглиз ҳукумати Лиссабон шартномасининг 50-моддасидан белгиланган муҳлатгача фойдаланмаса ёки яна бир референдум ўтказмаса). Эътироф этилишича, Буюк Британиянинг Евроиттифоқдан чиқиши Туркиянинг унга кириши учун жиддий имкониятни келтириб чиқаради.
Европа Иттифоқи ва Эрон муносабатлари
2018 йилнинг декабрь ойи ўрталарида Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва сиёсий хавфсизлик масалалари бўйича юқори мартабали вакили Федерика Могерини Эрон билан савдо-сотиқ масаласи билан шуғулланадиган, АҚШ санкцияларини четлаб ўтувчи, махсус механизм жорий этилиши борасида баёнот берган эди. Тахмин қилишларича, механизм 2019 йил бошларидан ишга тушади.
Ямандаги социал муаммо авж олиши мумкин
Эрон томонидан хусийларнинг қўллаб-қувватланиши ва Саудия Арабистони, БААнинг Яман ҳукуматини қўллаб-қувватланиши ортидан юзага келган кураш мамлакатдаги муаммоларни янада жиддий тус олдириб юборади. Халқаро инқирозлар олдини олиш гуруҳининг баёнотига кўра, ҳозирги пайтда Яманда 16 миллион одам озиқ-овқат етишмаслигидан азият чекмоқда; агар тарафлар муаммога ижобий ечим топмайдиган бўлса, бу миқдор янада ортиши мумкин.
НАТОнинг 70 йиллик юбилейи
Апрель ойида Вашингтонда блокка аъзо мамлакатлар ташқи ишларининг учрашуви ҳам йилнинг эсда қоларли воқеасига айлиши мумкин.
Европадаги ўта муҳим сайловлар
31 мартида Россия билан таранглик сақланиб қолаётган бир вазиятда Украинада президент сайлови бўлиб ўтади. Умумхалқ сайлови арафасида, жамоатчилик сўрови натажаларига кўра, Украина собиқ бош вазири Юлия Тимошенко 21 фоиз овоз тўплаган ҳолда етакчилик қилиб бормоқда, амалдаги президент Пётр Порошенкога овоз бермоқчи бўлганлар 10 фоизни ташкил қилиб турибди.
23–26 май куни 400 миллионга яқин европаликлар Европарламент сайловларида иштирок этади. Буюк Британиянинг Европа Иттифоқидан ажраб кетиши ҳисобига минтақавий парламентдаги депутатлик ўринлари 751 тадан 705 тагача қисқаради. Бундан ташқари, Европа Иттифоқи сайловчилари орасида ўта ўнг ва популистик кайфиятдаги партиялар овози кўпчиликни ташкил этади.
Польшада шу йили бўлиб ўтадиган сайлов натижаси мамлакатнинг Европа Иттифоқи ва унинг Европарламентдаги ўрнига таъсир этади. Европа Иттифоқи билан совуқ муносабатларни ёқлаётган «Ҳуқуқ ва адолат» миллий консерватив партияси ҳамда мухолиф «Фуқаролик платформаси» партиясининг «Замонавий партия» билан иттифоқчилиги Евроиттифоқи билан муносабатларни белгилаб олишдаги курашига ҳам жиддий таъсир этади.
Изоҳ (0)