2018 йилда Буюк Британияда «ирланд ёрдами» масаласи мамлакатни мисли кўрилмаган сиёсий инқирозга олиб келди. Бундан ташқари, 2200 дан ортиқ мигрант Европа Иттифоқининг қаттиқ чегара сиёсати сабаб денгизда ҳалок бўлди. Бу ҳам етмаганидек Европа Иттифоқида чегара назорати етарлича қаттиқ тартибда эмас, деб топилди, дея маълум қилди «Xabar.uz»
Атлантика океанининг нариги томонида АҚШ президенти Дональд Трампнинг Мексикадан келаётган мигрантлар оқимини мамлакат учун хавфли деб топиб, уларни тўхтатишга уриниши кескин баҳслар билан ўтадиган 2018 йилдаги оралиқ сайловларни янада қизғин ўтишига сабаб бўлди. АҚШ Конгрессида чегарадги деворни молиялаштириш борасидаги келишмовчиликлар Америка ҳукумати иш фаолиятини тўхтатишига олиб келди.
Бироқ, 2018 йилда дунёда энг мураккаб саналган чегара можароларида ижобий ўзгаришлар бўлди. Буни Ўзбекистон ва Қирғизистон, Эфиопия ва Эритрея ўртасидаги чегара борасидаги баҳсларнинг ҳал бўлишида кўриш мумкин.
2016 йилда Ўзбекистон Президенти этиб сайланган Шавкат Мирзиёев ишни биринчи навбатда минтақадаги давлатлар билан алоқаларни ўнглашдан бошлади. Узоқ йиллар давомида қизғин муноза ва халқаро ҳамжамият эътиборини тортиб келган Ўзбекистон-Қирғизистон чегара муаммоси ижобий ечимини топа бошлади.
2017 йилда икки мамлакат ўртасида аввал ёпиб қўйилган қатор чегара назорат-ўтказув пунктлари очилди.
Ньюкасл университети Сиёсий география лектори Ник Мегораннинг айтишича, яхши ёки ёмон чегаралар мавжуд эмас: давлатлар орасида яхши ёки ёмон муносабатлар бор.
«Мен 2018 йилда Ўзбекистон—Қирғизистон чегарасида бўлиб, кўплаб одамлар савдо қилиш ва чегара ортида қолган қариндошларини кўриш учун эркин ўтиб юрганига гувоҳ бўлдим» - дейди Ник Мегоран.
2018 йилнинг ёрқин воқеаларидан яна бири Эфиопия—Эритрея чегарасидаги кўп йиллик муаммо барҳам топгани бўлди. Бу икки мамлакат чегара борасидаги ноаниқликлар сабаб бу икки мамлакат 1998-2000 йилларда чегарада қаттиқ уруш олиб борган. Бунинг натижасида 70 мингга яқин одам ҳалок бўлган. Баҳсли ерлар у даражада катта бўлмаган, уларнинг иқтисодий қиммати ҳам айтарли қадрга эга эмас. Шунга қарамай икки мамлакат ўртасида жиддий баҳсларга сабаб бўлган.
Икки мамлакат ўртасидаги уруш БМТ Хавфсизлик Кенгашининг аралашувига қарамай тўхтамаган. Эфиопия 2000 йилда БМТ воситачилигида эришилган келишувга амал қилмай, чегарадаги ерларни оккупация қилишни давом эттирган.
Бироқ, 2018 йилнинг апрель ойида нисбатан ёш Абий Аҳмед Эфиопия Бош вазири бўлди. У тезда Эритрея билан алоқаларни яхшилаш чораларини кўриб, аскарларини баҳсли ерлардан чиқарди. Ҳукумат раҳбари бўлганидан кейин уч ой ўтиб, у тинчлик келишувини имзолади ва узоқ йиллик урушга барҳам берди.
Яхши чегара – бу харитадаги техник чизиқлар эмас, сиёсий эркинликдир. Ўзбекистон ва Эфиопияда раҳбариятнинг алмашинуви чегаранинг делимитация ва демаркация қилинишида муҳим омил бўлди. Ваҳоланки, бунгача бу давлатларнинг чегараларидаги вазият боши берк кўчага кириб қолганди.
ЕИ, Буюк Британия ва АҚШ ўзларини халқаро стандартлар ташувчиси қилиб кўрсатади. Аммо чегара масаласига келганда улар Ўзбекистон ва Эфиопиядан кўп нарса ўрганиши керак.
Изоҳ (0)