Термиз шаҳридаги Ёшлар марказида Термиз гарнизони ҳарбий қисм ҳамда муассасалари ҳарбий хизматчилари ва оила аъзоларининг ижтимоий масалалари, мавжуд муаммоларига бағишланган очиқ мулоқот ўтказилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Кейинги йилларда Сурхондарё вилоятидаги ҳарбий қисмларда юз берган янгиланишлар соҳанинг жанговар тайёргарлигини оширди. Ҳарбий қисм ва ҳарбий шаҳарчаларда ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари учун замонавий шарт-шароитлар яратилмоқда.
Шунга асосан ўтган йили воҳада 122 хонадонга мўлжалланган барча қулайликларга эга замонавий уйлар қурилиб, фойдаланишга топширилди. Жорий йилда яна 362 ҳарбийлар оиласи янги уй тўйларини ўтказади. Янги йилга мўлжалланган «Йўл харитаси»га мувофиқ қатор ҳарбий қисм ва ҳарбий шаҳарчаларнинг инфратузилмаси тубдан янгиланади.
Очиқ мулоқотда вилоят ҳокимлиги, Президентнинг Сурхондарё вилоятидаги Халқ қабулхонаси, Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи қўшинлари қўмондонлиги, Термиз ҳарбий прокурори ва бошқа мутасадди ташкилотларнинг раҳбарлари ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари ўртага ташлаган турли масалаларни тинглаб, жойида ҳал этиш чораларини кўрди. Ечими муддат талаб этадиган муаммо ва таклифлар назоратга олинди.
Изоҳ (0)