Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Самарқанд шаҳрининг 4 та кўча ва чорраҳасида 2019 йил 15 январдан махсус автоматлаштирилган фото ҳамда видео қайд этиш ускуналари ишга тушади, деб ёзади ЎзА.
Вилоят ҳокимининг қарорига асосан ҳозирги кунда Регистон майдони мажмуаси қаршисидаги пиёдалар ўтиш жойига, Мирзо Улуғбек – Бўстонсарой, Мирзо Улуғбек – Шоҳрух ҳамда Мир Саид Барака – Мирзо Улуғбек кўчалари чорраҳаларига махсус автоматлаштирилган фото, видео қайд этиш техника воситалари ўрнатилди.
Мазкур ускуналар орқали йўл ҳаракати қоидалари, яъни транспорт воситасини бошқариш вақтида телефондан фойдаланиш, светофор ишорасига бўйсунмаслик, йўл чизиғи ва белгиларига амал қилмаслик каби қоидабузарлик содир этган ҳайдовчилар аниқланиб, уларга нисбатан тегишли чоралар қўлланилиши жорий этилади.
Шу билан бирга вилоят кўчаларида онлайн тизимида ишлаётган 4 та «Арена» русумли тезликни ўлчаш ускуналари мавжуд ва улар ёрдамида бугунгача 39 мингга яқин қоидабузарликлар аниқланган.
Шунингдек, ўтказилган бир қатор профилактик ва рейд тадбирлари натижасида ўтган 2018 йилда жами 309 минг 68 қоидабузарлик аниқланиб, уни содир этган шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўрилди.
Олиб борилган тадбирлар натижасида ўтган 2018 йил мобайнида 2017 йилдагига нисбатан вилоят ҳудудида содир этилган жами йўл-транспорт ҳодисалари сони 8,4 фоизга, улар оқибатида ҳалок бўлганлар 6,5 фоизга, тан жароҳати олганлар 12 фоизга камайишига эришилди.
Жорий йилда Самарқанд шаҳридаги барча чорраҳаларга махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари ўрнатилиши режалаштирилган.
Изоҳ (0)