Ўсимта туфайли фалажланиб қолган, моддий томондан қийинчиликка учрагани сабаб хайрия акцияси орқали тўпланган маблағ эвазига Туркияда жарроҳлик амалиётини бошидан ўтказган қашқадарёлик шоира қиз Бахтинисо Маҳмудова оламдан ўтди.
Туркиялик профессорлар Бахтинисонинг орқа миясидаги ўсимтани ўрганишиб, бу ўсимтанинг хавфсиз тури эканини, олиб ташланганидан кейин ортиқ безовта қилмаслигини, ўсмаслигини айтишган эди. Шу сабабли ўтган йилнинг декабрь ойида интернет тармоқларида Бахтинисонинг операцияси учун керак бўладиган — 30 минг АҚШ доллари миқдорида маблағни йиғиш бўйича хайрия акцияси ўтказилганди.
Зарур маблағ йиғилганидан сўнг, 17 декабрь куни Бахтинисо Туркия сафарига учиб кетган ва 20 декабрь куни жарроҳлик амалиёти ўтказилган.
Бугун, 6 январь куни Бахтинисо Маҳмудованинг яқинларини маълум қилишича, Бахтинисо ёруғ оламни тарк этган.
«Бу хабарга ишонгим келмади. Қон босими тушиб кетди бир неча марталаб дейишяпти. Худонинг иши. Бахтинисо Румийни қаттиқ яхши кўрарди. Румий юртида ўтди. Беғубор яшади шу қиз. Telegram’даги шахсий ёзишмаларга қарадим. Ўпкам тўлди», — дейди Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси Бобур Элмуродов.
Изоҳ (0)