Саудия Арабистонининг Макка ва Мадина шаҳарларида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги «Вақф» хайрия жамоат фондининг тақдимот маросимлари ўтказилади. Бу ҳақда фонд матбуот хизмати хабар берди.
Шу муносабат билан фонд раҳбари Искандар Халилов Саудия Арабистонига учиб кетди.
Сафар доирасида Саудия Арабистони «Вақф» ишлари идораси, «Мовароуннаҳр» вақф мулклари қўмитаси, Макка шаҳридаги «Ҳарами шариф» масжиди имоми, бир гуруҳ ватандошлар ва талаба-ёшлар билан учрашувлар ташкил этиш ҳамда ўзбек такяхоналари (вақф меҳмонхоналари)га ташрифлар уюштириш кўзда тутилган.
Ўтган асрнинг 20-30 йилларида Ўзбекистондан минглаб кишилар хорижий мамлакатлар, хусусан, Саудия Арабистонига чиқиб кетишга мажбур бўлган. Улар Макка, Мадина ва Тоиф шаҳарларида таълим, тижорат ва бошқа муҳим жабҳаларда фаолият юритиб, катта ҳурмат-эътиборга сазовор бўлган. Жумладан, Макка ва Мадинадаги икки ҳарам – Масжидул Ҳаром ва Масжидун Набавий атрофида кўплаб ерларни сотиб олиб, вақф сифатида қолдирган.
Изоҳ (0)