Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Жиззах вилояти бошқармасининг тезкор ходимлари томонидан Шароф Рашидов туманида жойлашган иссиқхона фаолияти ўрганилганда, бу ерда электр энергия ва табиий газдан ноқонуний тарзда фойдаланиб келинаётганлиги аниқланди. Яъни, иссиқхона раҳбари таъминотчи корхоналар билан ҳеч қандай шартнома тузмасдан, тўғридан-тўғри тармоқларга уланиб олган. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Мазкур ҳолат юзасидан далолатнома расмийлаштирилди.
Таъминотчи корхоналар тақдим этган хулосаларга кўра, тадбиркор томонидан давлатга жами 33 млн. сўмлик зарар етказилган.
Иссиқхона раҳбари ҳақиқатан ҳам бу ерда помидор етиштириш учун электр энергия ва газ таъминоти корхоналари билан шартнома расмийлаштирмасдан, ўзбошимчалик билан тармоқларга уланиб олган ҳамда энергия ресурсларидан ноқонуний тарзда фойдаланиб келган.
Тадбиркор қилган ишидан пушаймонлигини билдирган ҳамда етказилган зарарни тўлиқ қоплаган.
Изоҳ (0)