Фарғонада автомобилларга газ тўлдириш шохобчаси олдида қаровсиз қолдирилган Spark ўғирлаб кетилди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизжон Эрматов хабар берди.

Фото: Chevrolet

22 декабрь куни Ўзбекистон тумани Сулаймон қишлоғида яшовчи, 1990 йилда туғилган такси ҳайдовчиси Т.Ж. Учкўприк тумани ИИБга ариза билан мурожаат қилган. Унга кўра, шу куни соат 20:40 ларда Учкўприк тумани Ёйилма қишлоғида жойлашган автомобилларга газ тўлдириш шохобчасига бошқарувидаги Spark автомашинасида келган. Т.Ж машинасини очиқ ҳолда йўл четида қолдириб, навбатни билиш учун ичкарига кириб кетган. Тахминан 3-4 дақиқада автомашинани номаълум шахс олиб қочиб кетгани маълум бўлган. Ҳолат юзасидан вилоят ҳудудида «Тўсиб ушлаш» тадбири эълон қилинган.

23 декабрь куни ИИБ ходимлари томонидан олиб борилган суриштирув ишлари натижасида ушбу автомашина Учкўприк тумани Қўқонбой қишлоғи ҳудудида ушланган. Жиноят Учкўприк тумани Қоракўл қишлоғида яшовчи, 1999 йилда туғилган Қ.А. томонидан содир этилгани аниқланган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.