Ўзбекистон Бош прокурори ўринбосари Эркин Йўлдошев Халқаро пресс клубнинг бугун, 19 декабрь куни бўлиб ўтган сессиясида Рашид Қодиров, Гулнора Каримова ва Абдусалом Йўлдошевларга нисбатан очилган жиноят ишларининг бориши ҳақида маълумот берди, деб хабар берди «Газета.uz».
«Ўзбекистоннинг собиқ Бош прокурори Рашид Қодиров иши бўйича тергов жараёни якунланиш арафасида. Ушбу жиноят иши ҳақида аҳоли батафсил хабардор қилинади, давлат раҳбари ҳам бу ҳақда бир неча бор гапирди. Биз суд куни ва жойи ҳақида маълумот берамиз», — дейди у.
Жорий йилнинг июнь ойида Ўзбекистоннинг собиқ Бош прокурори Рашид Қодиров иши бўйича 24 нафар шахсга нисбатан айблов эълон қилинган эди.
Қайд этилишича, ҳозирда Давлат солиқ қўмитаси собиқ раисининг биринчи ўринбосари Абдусалом Йўлдошевга нисбатан очилган жиноят иши бўйича тергов жараёни давом этмоқда. Май ойининг охирида у Фарғонада ҳибсга олиниб, Тошкентга олиб келинган эди.
Шунингдек, Эркин Йўлдошевнинг маълум қилишича, Ўзбекистон Биринчи Президентининг қизи Гулнора Каримова Ўзбекистонда жазони ўтамоқда.
«Гулнора Каримова суд ҳукмида кўзда тутилган жазони Ўзбекистон ҳудудида ўтамоқда», — дейди Ўзбекистон Бош прокурорининг ўринбосари.
Изоҳ (0)