Наманганда ЙПХ инспекторлари томонидан пиротехника маҳсулотларининг ноқонуний айланмаси билан боғлиқ ҳолатларнинг олди олинмоқда. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят ИИБ ЙҲХБ матбуот хизмати маълум қилди.
Жумладан, жорий йил 10 декабрь куни «Наманган» мунтазам ЙПХ масканида «Водий—Тошкент» йўналишида ҳаракатланаётган Nexia русумли автомобиль тўхтатиб текширилганида йўловчи сифатида кетаётган Қўқон шаҳрида яшовчи фуқарога тегишли 120 дона пиротехника махсулоти топилди.
14 декабрь куни Фарғона вилоятида истиқомат қилувчи ҳайдовчи бошқариб кетаётган Lacetti русумли машина юкхонасида 260 дона пиротехника воситасида борлиги маълум бўлди.
15 декабрь куни «Водий—Тошкент» йўналишида ҳаракатланиб келаётган Андижон шаҳрида яшовчи ҳайдовчига тегишли Nexia текширилганида унинг салони ва юкхонасида хорижда ишлаб чиқарилган жами 8654 дона пиротехника воситаси борлиги аниқланди.
Юқоридаги барча ҳолатлар юзасидан тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, чора кўриш учун ҳудудий ички ишлар бўлимларига юборилган.
Изоҳ (0)