Андижон вилояти ИИБ ташаббуси билан Андижон шаҳрида спортчи ёшлар ва уларнинг мураббийлари иштирокида ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олишга бағишланган учрашув-мулоқот ўтказилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизмати «Дарё»га хабар берди.
Ўтказилган очиқ мулоқот давомида ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар олдини олиш, жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари, унинг ҳуқуқий оқибатлари атрофлича тушунтирилди. Уюшмаган ёшлар орасида спорт мусобақаларини ташкил этиш орқали спорт ўйинларини оммалаштириш, бу борада халқаро мусобақалар ғолиблари иштирокида оммавий спорт тадбирларини ўтказиш режалаштирилди.
Шунингдек, учрашувда Андижон шаҳрида ташкил этилган «Хавфсиз шаҳар» концепциясини қамраб олган тадбирлар давомида «Фидокор ёшлар» жамоатчилик патруль гуруҳида фаол қатнашиб келаётган спортчи ёшлар алоҳида эътироф этилди. Тадбир сўнгида мураббийлар ўзининг қўл остидаги спортчиларни доимий равишда назорат қилиши ва уларнинг бўш вақтларида кимлар билан муомалада бўлаётганлигига қизиқиб, тўғри йўналишда тарбия топишида масъулиятни янада кучайтириши, бир сўз билан айтганда, рингдаги кўникма кўчадаги муштумзўрликка айланмаслиги лозимлигига алоҳида урғу қаратиши таъкидланди.
Изоҳ (0)