Киев Керчь бўғозидаги ҳодисани муҳокама қилиш учун «норманд форматидаги» (Россия Федерацияси, Украина, ГФР, Франция) учрашувга тайёр. Бу ҳақда Украина президенти Пётр Порошенко 2 декабрь куни маълум қилди, деб ёзади «РИА Новости».
France 24’га берган интервьюсида Порошенко бундай учрашув ўтказишни Германия канцлери Ангела Меркель таклиф қилганлигини таъкидлади.
«Шубҳасиз, сиёсий маслаҳатчилар даражасидаги ‘норманд формати’даги учрашувда иштирок этамиз. Унда Россия Федерациясига фавқулодда масала — ҳарбийларимиз, кемаларни қайтариш ва Керч бўғозини очиш талабини қўямиз», — деди Порошенко.
Порошенко, шунингдек, ҳарбий ҳолат ҳақидаги қонунни тўхтатишдан хурсанд бўлишини, бироқ бунинг учун Россия Украина—Россия чегарасидаги қўшинларини олиши, Азов денгизидан ҳарбий кемаларининг катта қисмини қайтариши кераклигини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, Қора денгизда Россия ва Украина кемалари ўртасидаги воқеалар 25 ноябрь кунидан буён давом этмоқда. Россия федерал хавфсизлик хизмати Украинанинг учта ҳарбий кемаси Россия ҳудудий сувларига ноқонуний киргани ҳақида хабар берган. Улар Одессадан Мариуполга йўл олган, аммо уларни Керчь бўғозидан ўтказишмаган.
Изоҳ (0)