Вашингтон «Скрипаллар иши» бўйича Россияга қарши санкцияларнинг иккинчи қисмини жорий этишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда 2 декабрь, якшанба куни АҚШ Давлат департаменти маълум қилди, деб ёзади «ТАСС».
Агентлик суҳбатдошининг сўзларига қараганда, Россияга қарши санкциялар қўллаш кимёвий ва биологик қурол устидан назорат ва уни ҳарбий мақсадда қўллашни тақиқловчи 1991 йилги қонунда кўзда тутилган.
АҚШ «Скрипаллар иши» бўйича санкцияларнинг биринчи қисмини 27 августда жорий этган эди. Москва 90 кун ичида бир қатор шартларни бажармаса, унинг иккинчи қисми жорий этилиши кутилган.
Санкцияларнинг иккинчи қисми, жумладан, озиқ-овқат маҳсулотларидан ташқари, Американинг исталган товарларини Россияга экспорт қилишни деярли тўлиқ тақиқлаш, шунингдек, Россия товарлари, жумладан, нефть ва нефть маҳсулотлари импортини тақиқлашни кўзда тутади.
Бундан ташқари, Россия ҳукумати томонидан назорат қилинувчи ҳар қандай авиакомпания самолётларининг АҚШ ҳудудида қўнишини тақиқлайди.
Изоҳ (0)