Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 22 ноябрь куни банк тизимини ислоҳ этиш ва банкларнинг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш, ҳудудлар ва тадбиркорликни ривожлантиришда тижорат банкларининг ролини ошириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Видеоселекторда муаммоли кредитлар масаласи муҳокама қилинди. Бундай кредитлар жами кредитларнинг 1,8 фоизидан кам бўлса-да, йил бошига нисбатан ошгани қайд қилинди. Ҳудудлар кесимида бундай кредитларининг 76 фоизи Тошкент шаҳрига, 5 фоизи Қашқадарё, 3 фоизи Бухоро вилоятига тўғри келади.
Шунингдек, ҳокимликлар ва тармоқлар томонидан айрим лойиҳалар пухта ишлаб чиқилмагани оқибатида бир қатор объектлар ўз вақтида ишга тушмагани ҳамда кредитлар қайтиши чўзилаётгани кўрсатиб ўтилди.
Жумладан, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Жиззах, Сурхондарё вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасида кредит маблағлари ажратилган айрим инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳалигача бошланмагани танқид қилинди.
Тижорат банклари устав капитали асосан давлат улуши ҳисобига оширилиб, хусусий сектор маблағлари деярли йўналтирилмагани жиддий танқид қилинди.
Йиғилишда кузатув кенгашлари банкларнинг стратегик ривожланиш йўналишларини белгилаш ва фаолиятини яхшилаш бўйича етарли иш олиб бормаётгани муҳокама қилиниб, Марказий банк, Иқтисодиёт вазирлигига давлат тасарруфидаги банкларнинг кузатув кенгашлари фаолиятини танқидий ўрганган ҳолда, уларнинг таркибини тубдан қайта кўриб чиқиш ва самарадорлигини ошириш бўйича кўрсатма берилди. Мамлакат молия муассасалари фаолиятини такомиллаштириш учун хориждан юқори малакали мутахассисларни жалб этиш вазифаси қўйилди.
Давлат раҳбари тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолини иш билан таъминлаш мақсадида микрокредитлар ҳажмини кескин ошириш, уларни ажратиш тартибини соддалаштириш зарурлигини таъкидлади.
Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддиларнинг ахборотлари эшитилди.
Изоҳ (0)