Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Алишер Умаров Германиянинг Клетт ноширлик компанияси халқаро ҳуқуқ ва ноширлик масалалари бўйича раҳбари Анита Колб бошчилигидаги делегация билан учрашди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Немис компанияси вакиллари Ўзбекистон халқ таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот олди. Таъкидландики, ҳозирда Халқ таълими вазирлиги дарсликлар ва ўқув дастурларни қайта кўриб чиқиш жараёнини бошлади.
Жумладан, вазирлик баъзи фанлар бўйича бошқа мамлакатларда ўзини тавсия этган хориж дарсликларини сотиб олиш имкониятларини ўрганиб чиқмоқда.
Клетт ноширлик компанияси вакиллари ўз маҳсулотлари, жумладан, дарсликлар ҳақида маълумот тақдим этдилар. Анита Колб Халқ таълими вазирлиги ўрганиб чиқиш учун бир неча дарсликларни тақдим этди.
Томонлар Халқ таълими вазирлиги ва Клетт компанияси ўртасида дарсликлар ва китобларни чоп этиш соҳасида ҳамкорлик ўрнатиш масалаларини ўрганиб чиқишга келишиб олдилар.
Изоҳ (0)