Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 29 июндаги «Маҳаллий бюджетларнинг даромадлар базасини кенгайтириш захираларини аниқлаш ишларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш, яъни амалдаги қонунчилик асосида бюджетга қўшимча маблағ жалб этиш борасида Наманган вилояти давлат солиқ бошқармаси томонидан ҳам қатор чора-тадбирлар кўрилмоқда, деб ёзади ЎзА.
«Ушбу ҳужжат ижроси доирасида 21 мингдан ортиқ юридик шахс томонидан ҳудудий давлат солиқ хизмати органларига тақдим этилган солиқ ва мажбурий тўловлар ҳисоботлари солиқ кодексининг 70-моддаси талаблари асосида камерал назоратдан ўтказилди, — дейди вилоят давлат солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи Н.Маҳкамов. — Аниқланган тафовутлар юзасидан жорий йилнинг 10 ойида 70 миллиард сўмлик солиқ ва мажбурий тўловлар ҳисобланиб, унинг 67,3 миллиард сўми бюджетга ундирилиши таъминланди».
Жумладан, жорий йил октябрь ойида «Стандарт Қурилиш Таъминоти» МЧЖ фаолияти бўйича солиқ идораларидаги ички ва ташқи манба маълумотлари асосида камерал назорат ўтказилганда, жамият томонидан 119,3 миллион сўмлик қўшилган қиймат солиғи кам ҳисоблангани маълум бўлди.
Ушбу ҳолат юзасидан вилоят давлат солиқ бошқармаси томонидан белгиланган тартибда талабнома юборилиб, жамиятдан ушбу сумма бўйича қайта аниқлаштирув ҳисоботи олинди. Ҳозирда давлат бюджетига қўшимча ҳисобланган 119,3 миллион сўм қўшилган қиймат солиғи суммасининг белгиланган тартибда ундирилиши таъминланди.
Изоҳ (0)