Бухорода 16—17 ноябрь кунлари «Сайлов қонунчилигини такомиллаштириш ва демократик сайловлар: Ўзбекистон тажрибаси ва халқаро амалиёт» мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди, деб ёзади ЎзА.
Анжуман Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан ЕХҲТнинг мамлакатдаги лойиҳалари координатори ва Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси (БСОА), ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Венеция комиссияси, БМТ Котибияти ҳузуридаги Сиёсий масалалар бўйича департаментнинг сайловлар ўтказишга кўмаклашиш бўлими, Сайлов тизимлари халқаро жамғармаси ва бошқа халқаро институтлар, Россия, Қирғизистон, Руминия каби давлатлар сайлов органлари вакиллари, шунингдек, мамлакатдаги фуқаролик жамияти институтлари, сиёсий партиялар вакиллари, ҳуқуқшунослар ва журналистлар иштирок этди.
Анжуман халқаро экспертлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси лойиҳасини муҳокама қилиш, шунингдек, сайлов жараёнида ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишга эришишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
Экспертлар кодекс лойиҳасининг миллий қонунчиликдаги аҳамияти, сайлов кампаниясини молиялаштириш, партиялараро соғлом рақобат, ҳуқуқни қўллаш амалиёти, фуқароларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш масалалари ҳақида ҳам ўз нуқтаи назарини билдирди.
Конференциянинг иккинчи куни сайлов жараёнларида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Муҳим сиёсий тадбирни ўтказишда фойдаланиладиган техника базасини модернизация қилишга батафсил тўхталиб ўтилди.
Очиқлик ва кўтаринкилик руҳида ўтган халқаро конференциядан сўнг хорижлик иштирокчилар қадимий Бухоро шаҳрининг тарихий-меъморий ёдгорликлари ва бошқа диққатга сазовор жойларига саёҳат қилди.
Изоҳ (0)